Juma, 17.05.2024, 15:04
Приветствую Вас, Mehmon
Главная » 2008 » Апрель » 30 » Demokratiyaning yuzi nechta?
14:28
Demokratiyaning yuzi nechta?
ДЕМОКРАТИЯНИНГ ЮЗИ НЕЧТА?
ДЕМОКРАТИЯНИНГ ЮЗИ НЕЧТА?
Эртасига эса Ислом маданиятининг қадимий ўчоқларидан бири устига маккор душман минг-минг тонналаб бомба ёғдирди

Милоднинг йигирма биринчи асрига келиб, юз йиллар мобайнида бир-бири билан жон талвасасида олишган, ана шу муҳорабада қанчалаб қон тўккан икки аждаҳо – расимол дунёси (капитализм) ва коммунизм ўртасидаги ихтилоф барҳам топди. Бири иккинчисини қулатиб, ерга тиқди. Аммо бу билан ҳам капитализм дунёда яккаҳокимликни қўлга кирита олмади. Қараса, унинг ер юзини хотиржам эгаллашига ҳалақит берадиган яна бир душман, душман бўлганда ҳам унча-бунчага енгиш қийин ғаним борлиги аён бўлиб қолди. Бу – мафкура жиҳатидан ҳам, тарафдорларининг кўплиги жиҳатидан ҳам ҳисоблашишга мажбур бўлинадиган душман – Ислом эди. Кембриж университети профессори Тимоти Ж. Уинтернинг ёзишича, «Энди бизга айтишларича, Ғарб ва коммунизм ўртасидаги рақобат аслида Ислом ва христианлик ўртасидаги реал, тарихий ва минг йиллик курашдан кичик бир томоша ва эътиборни чалғитиш бўлган эмиш». Шунда капитал дунёси «Демократияга хавф соляпти, ҳозирги Ғарб сивилизатсиясини ер юзидан йўқотиб юбормоқчи», деган баҳоналар билан Исломга қарши янги – тўққизинчи салиб юришини бошлаб юборди. Демократиянинг бош ҳомийси – Амриқо Қўшма Штатлари президенти кичик Жорж Буш бу режани миллионлаб одамлар кўз олдида телевидение орқали айтиб юбориб, тилини тишлаб қолди. Аммо «Айтилган сўз – отилган ўқ». Кейин қанча хаспўшласа ҳам, қанчалик тонишга уринса ҳам, мақсад-режалар фош бўлиб қолган эди.
Аммо дунё бўйлаб Исломга қарши янги салиб юриши бошлаш учун маънилироқ, ишонарлироқ баҳона топиш керак эди. Аввалгидай майда-чуйда сабабларни рўкач қилиб, бир мамлакатга бемалол уруш очиш даври ўтиб кетган эди. Ахборот асрида жаҳон афкор оммасини лақиллатиш хийла мураккаблашиб қолган эди. Шунда Жорж Бушнинг ортида турган пулдор ва пулхўр ҳомийлар бунинг йўлини ҳам топиб беришди. Президентнинг эски таниши Усома бин Лодиннинг «Ал-Қоида» ташкилоти Ню-Йоркдаги Амриқо қудрати тимсоли бўлган осмонўпар эгизаклар – Халқаро Савдо Маркази биносига самолёт билан икки марта келиб урди. Камига Пентагонга ҳам бир-икки ҳужум уюштиришди. Нима бўлганига ақли етмаган дунё «аср террорчилиги», «мисли кўрилмаган ёвузлик»ни «ташкил этган» «Ислом террорчилари»га ғазаб-нафратини соча кетди. Аслида минг-минглаб бегуноҳ фуқароларнинг ҳаётига зомин бўлган бу даҳшатли ҳужумни ё Амриқо ҳарбийлари ва сармоядорлари чизиб берган лойиҳа бўйича ҳукуматнинг ўзи уюштирган ёки унинг ташкил этилишидан хабардор бўлса-да, олдини олишга ҳеч қандай чора кўрмаган эди. Бу менинг фаразларим эмас. Канн халқаро кинофестивалида бош совринни олган АҚШ киноҳужжатчиларининг «Foreincate – 9/11» («Ташқи ўйинлар – 9/11») филми бошдан-оёқ ана шу ҳақиқатни исботлашга бағишланган.
Агар булар ҳам камлик қиладиган бўлса, унда Интернет уяларига кириб кўрамиз. Даҳшатли воқеанинг эртасигаёқ «Лента. Ру» сайти ўзининг махфий манбаларига таяниб, Американинг собиқ президенти Жорж Буш (ҳозирги президентнинг отаси), собиқ давлат котиби, Буш сайлов штабининг раҳбари Жеймс Бейкер ва АҚШнинг собиқ мудофаа вазири Фрэнк Карлуччилар «Bin Laden Group» (Бин Лодин Групп) консорсиуми билан ҳамкорликда иш олиб борган экан. Буёғи энди қанчага тушди?
Яна бир қизиқ ҳолат: 11-12 сентябр кунлари АҚШда бирорта аэропорт ишламагани ҳолда Бин Лодиннинг бу мамлакатдаги барча қариндош-уруғлари Саудия Арабистонига бемалол учириб юборилган. Жаҳон жамоатчилиги бу маълумотлардан ҳайрати ошиб ва ўзига келмай туриб, дунёнинг турли бурчакларидаги ақли расо сиёсатчилар ва журналистлар Ню-Йоркдаги террорни мусулмонлар эмас, балки пул қутуртирган корчалонлар ташкил этгани, ана шу воқеадан АҚШ ҳукумати мусулмон олами устига бошлаган янги салиб урушига баҳона сифатида фойдаланмоқчи экани ҳақида басма-басига ёза бошлашди.
Матбуот хабарига кўра, «Америкача тинчлик» лойиҳасининг муаллифлари – виъе-президент Дик Чейни, мудофаа вазири Доналд Рамсфелд, унинг муовини Пол Вулфовитс, Жорж Бушнинг укаси Жеб Буш, Чейни девони раҳбари Люис Либбилар тузган режага кўра, Саддам Ҳусайн ҳокимият тепасида бўладими-йўқми, бундан қатъи назар, ҳарбий куч ёрдамида Форс кўрфаси минтақаси устидан назорат ўрнатиш кўзда тутилган эди. Эгизак биноларнинг ер билан яксон этилиши ана шу занжирнинг бир халқаси бўлган.
Оммавий ахборот воситалари Америка ҳукуматини фожеадан огоҳ этилганига қарамай, ҳеч қандай чора кўрмагани учун кимўзарга айблай бошлашди. «Дейли телеграф» газетаси 2001 йил 16 сентябрда ёзишича, камида ўн бир мамлакат АҚШни тайёрланаётган ҳужум ҳақида огоҳлантирган. 2001 йил августда Исроилдаги «Моссад» разведкасининг икки юқори мартабали мутахассиси икки юз кишилик гуруҳ йирик оператсия ўтказмоқчи экани ҳақида МРБ ва ФҚБни хабардор қилиш учун АҚШга борган. «Моссад» рўйхатида самолёт олиб қочганлардан тўрттасининг номи бор эди. Лекин улардан бирортаси қўлга олинмаган.
Би-Би-Си радиоси 2001 йил 6 ноябрда хабар беришича, МРБ Яқин Шарқдан шубҳали кимсаларни АҚШга олиб келиб, Афғонистондаги урушни олиб бориш учун ҳарбий жиҳатдан тайёрлаш билан шуғулланган, бунда Усома бин Лодин билан ҳамкорлик қилган. «Нюсуик» журналининг 2001 йил 15 сентябр куни берган хабари бундан ҳам ажиб эди: 11 сентябрда самолётларни олиб қочган ўн тўққиз кишининг беш нафари Америка ҳарбийларининг 90-йиллардаги махфий объектида ўқитилган экан.
Британиянинг атроф-муҳит муҳофазаси ишлари бўйича собиқ вазири, парламент депутати Майкл Мичер «қарталарни очиб қўя қолди». У Англиянинг «Гардиан» газетасида чоп этилган ва «Труд» газетаси (2003 йил 10 сентябр) кўчириб босган «11 сентябр жумбоқлари» мақоласида «Барча ҳолатлар ҳисобга олинадиган бўлса, кимлардир ўн биринчи сентябр ҳужумининг олдини олиш бўйича ҳеч қандай чора кўрилмагани билан аввалданоқ мўлжаллаб қўйилган Афғонистонга ҳужум қилишда бебаҳо баҳонаю сабабга эришиш ўртасидаги алоқадан жуда-жуда манфаатдор экани ойдинлашиб қолади», деб ёзган эди. Дарҳақиқат, Афғонистонда ғашга тегаётган толиблар ҳукуматининг танобини тортиб қўйиш икки иттифоқчи – АҚШ ва Англиянинг орзуси эди. Буни катта амалдорлар ҳам очиқ айтиб қўя қолишди. Англия бош вазири Тони Блэр вакиллар палатасидаги нутқида: «Гапнинг пўскалласи шуки, агар ўн биринчи сентябр бўлмаганида Афғонистондаги кутилмаган ҳарбий кампанияни жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишига асло эришолмаган бўлур эдик», деди («Таймс», 2002 йил 17 июл). «АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд бўлса, Ироққа ҳужум бошлаш учун баҳона топиш мақсадида Марказий Разведка Бошқармаси (МРБ)дан бу мамлакатнинг 11 сентябр фожеасида алоқаси борлигига исбот топишни ўн марта илтимос қилган, аммо МРБ ҳар гал қуруқ қўл билан қайтган» («Тайм мэгэзин», 2002 йил 13 май).
Бу каби узундан-узун иқтибосларни келтириб, муҳтарам ўқувчини қийнаётганимиздан биргина муддаоимиз бор: Ғарбнинг Исломга қарши ёки кучсиз мамлакатларга қарши ҳар гал ҳужум бошлаганида ана шундай иккиюзламачилик, мунофиқлик сиёсатини олиб боришини, ўзининг ёвуз ниятларини, қабиҳ ишларини хаспўшлаш учун ҳар қандай ёлғондан, найрангдан, алдовдан қайтмаслигини билдириб қўйиш холос.
Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Икки иттифоқчи 11 сентябр фожеасини баҳона қилиб, тезда Афғонистонга юриш бошлади. Советлар билан ўн йиллик урушдан тинкаси қуриган ва энди эркин нафас ола бошлаган афғон халқи яна бир маккор душманнинг ҳужумига дуч келди. АҚШ президенти Буш уялмай-нетмай «Террорга қарши урушда ким четда турса, у бизнинг душманимиз, демократиянинг душмани», деб дунёни дўст-душманга ажратиб юборди...
Афғонистоннинг кули кўкка совурилиб, толиблар ҳукумати ағдариб ташланди. АҚШ босқинчилари мамлакатнинг ҳақиқий хўжайинлари бўлиб олишди. Шунгача АҚШ компанияларидан бирида маслаҳатчи бўлиб юрган Ҳамид Карзай мамлакат раҳбари бўлиб қолди.
Энди навбат – Ироққа! Бундан анча олдин АҚШ махфий хизмати Ироқ президенти Саддам Ҳусайнни алдаб Қувайтни босиб олишга даъват қилган, у ҳам фитнага лаққа тушиб ўтмишда Ироқдан юлиб олинган Қувайтни яна қўшиб олишга кўнган эди. Шунда Бушларнинг каттаси бутун дунёга «Ироқ – босқинчи, кучсиз Қувайтни босиб оляпти», деб жар солди ва «Саҳродаги бўрон» кампаниясини бошлаб юборди. Аммо бу урушда катта Буш ғалабага эришолмай, шармандаси чиққан, улкан нефт захираларининг фойдасини ҳеч ким билан баҳам кўришни хоҳламаётган «сурбет» Саддамни тахтда қулата олмай, ўзи президентликда кетиб қолган эди.
Кичик Буш ҳокимиятга келдию, отасининг қасдини, аламини олишга астойдил бел боғлади. «Отаўғил» Ироқ ҳукуматини ядро қуроли яратишда, кимёвий, бактериологик қуролларнинг катта захираларини тўплаганликда, қўшни мамлакатларга босқин уюштирмоқчи бўлаётганликда, хуллас, барча кўргуликларда айблаб кўрди, аммо ҳамма гапнинг миси чиқиб қолаверди. Кетма-кет жўнатилаётган мўътабар комиссиялар ҳам аламзада Буш талаб қилаётган «далил-исботлар»ни топиб беришга ожизлик қилаётган эди. Ана шунда ўн биринчи сентябр воқеалари содир бўлдию, ҳамма нарса изга тушди. Кунинг битди, Ироқ!
Юқорида тилга олинган «Ташқи ўйинлар – 9/11» (дарвоқе, номдаги рақамлар ўн биринчи сентябрни билдиради) филми ижодкорлари машъум уруш бошланмасидан олдинги Ироқ ҳаёти манзараларини тасмага туширишган. Тинч, осуда ҳаётнинг одатий кўринишлари: одамлар ўз ташвишлари билан у ёқ-бу ёққа шошиб ўтаётган Бағдод кўчалари, қаҳвахоналарда оҳиста суҳбатлашиб ўтирган кексалар, варрак учираётган болалар, янги никоҳдан ўтган бахтиёр келин-куёв, масжидларга оқиб келаётган намозхонлар, ўйин-кулги қилаётган ёшлар, хуллас, ҳеч нарса хавфдан дарак бермас эди.
Эртасига эса Ислом маданиятининг қадимий ўчоқларидан бири устига маккор душман минг-минг тонналаб бомба ёғдирди. Афғонистон каби Ироқнинг ҳам кулини кўкка совурди, қанча-қанча бегуноҳ одамларнинг қони дарё-дарё бўлиб оқди. Бир вақтлар Ислом давлатининг пойтахти бўлган Бағдод, илм-маданият ўчоқлари Куфа, Басра, Мусул, Нажаф, Карбало ўққа тутилди.
Мурод ҳосил бўлди: мустабид ҳукмдор Саддам Ҳусайн қўлга олинди. Хавфли қуролларни излаб мамлакатнинг тит-пити чиқариб ташланди. Узоқ орзу қилинган арзон нефт захиралари қўлга киритилиб, иштаҳаси ҳаккалак отган океанорти корчалонларининг нафси бироз ором олди. Аммо уруш тўхтагани йўқ. Ҳар куни қанча одам ҳалок, қанча шаҳарлар вайрон бўляпти. «Содда» Буш гапнинг очиғини айтиб қўя қолди: «Ироқда ялпи қирғин қуроллари бўлмаганида ҳам барибир уруш очган бўлар эдик. Аммо бу қуролларни албатта топамиз». Жаноб Буш гапининг давомидан ичидагиларни тилига чиқармади, холос: «Бизга Саддам ҳам, қурол ҳам бир баҳона, холос, бизга текин нефт керак, бойлик керак, чунки ҳамма нарсани бойлик ҳал қилади, бой бўлсанг, қудратинг ошади, бутун дунёга эгалик қиласан!»
Бугунги демократиянинг қиёфаси ана шу! Дунёда демократияни ёймоқчи бўлаётган (аслида шу баҳонада жаҳонга эгалик қилишни орзу қилаётган) бир ҳовуч бойлар қўлида демократия бир ўйинчоқ, мақсадларига етиш йўлидаги бир усул, найранг, холос! АҚШ ва унинг шериклари ана шу ниқоб остида ер юзида ҳар қандай фитна, бузғунчилик, ёвузлик қилишдан қайтишмаяпти. Улар ана шу баҳона билан ўзларининг сийқаси чиққан, касод бўлган мафкура ва маданиятларини, ҳатто таому ичимликларигача бошқа халқ ва миллатларга зўрлаб тиқиштиришга уринишмоқда. «Сенга бу ёқадими, менталитетингга, эътиқодингга, яшаш тарзингга тўғри келадими-йўқми – барибир қабул қилишга мажбурсан. Агар қаршилик қилсанг, демократия душманисан, демак, бизнинг ҳам душманимизсан!»
Демократия – халқ ҳокимияти, дегани. Расимол дунёси демократик жамиятни инсоннинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган, мамлакатни бошқаришда халқ иштироки тўла таъминланган энг мукаммал жамият деб мақтанади. Аслида шундаймикин? Унда бу демократия нега узоқ йилдан буён ўлим тўшагида ётган бир бемор аёлнинг ўз хоҳишига кўра ҳаёти тўхтатилишини «ғайриинсонийлик», деб дод соладию, бошқа ўлкалардаги минглаб бегуноҳ одамлар устидан бомба ёғдириб ҳалок қилинса, сукут сақлашни афзал кўради. (Ишонмасангиз, Афғонистонга ҳужумдан кейинги «ахборот қамали»ни эсга олинг.) Қаёқдадир ўзига содиқ бир жиноятчи қамоққа олинса, «Инсон ҳуқуқлари бузиляпти», дея оҳ-вой қиладиган демократия юзлаб бегуноҳ одамларни судсиз, ҳукмсиз Гуантанамо, Абу Ғурайб ва бошқа қамоқхоналарга тиқиб хўрлашаётганига лом-мим дея олмайди. Ғарб демократияси «матбуот эркинлиги» ҳақида лоф урадию, хашагини шилдиратиб қўйган «Ташқи ўйинлар – 9/11» филмини Америкада намойиш қилиш тўхтатиб қўйилганини, Афғонистон ва Ироқдаги урушларни АҚШ матбуоти бир ёқлама ёритаётганини, бу борадаги адолат билан иш юритаётган «Ал-Жазира» телеканалига қилинган хуружларни нима билан изоҳлаш мумкин? «Демократик» матбуот ёнғин бўлган уйда қолиб кетган бир мушук боласи ҳақида бир неча кун мотам тутадию, Ер юзининг турли минтақаларида ҳар куни юзлаб, минглаб бегуноҳ одамлар ўққа тутилаётган ёки қамоққа ташланаётгани ҳақида сукут сақлайди. Демократия «Ислом дунёсида инсон ҳуқуқлари, аёллар эрки бўғилаётгани» ҳақида соатлаб оғиз кўпиртириб ваъзхонлик қиладию, аммо энг демократик мамлакат ҳисобланган АҚШда биргина қора танлилар (занжи) ҳуқуқи ҳар қадамда бузилаётганини кўриб, қулоғини кар, тилини гунг, кўзини кўр қилиб олади. Ишонмасангиз, мана далиллар: АҚШнинг йигирмата штатида занжилар ва оқтанлилар бир мактабда таълим олиши мумкин эмас, Миссисипи каби бир неча штатда оқ ва қора танлилар никоҳи бекор қилинган, ўн тўрт штат қонунларига кўра, темир йўл поездларида уларнинг бирга ўтиришлари ман этилган, ҳатто жинниларни ҳам шифохоналар алоҳида-алоҳида даволашга мажбур. Ана сизга демократия ва у лоф ураётган инсон эркинликлари!
Демократиянинг сиёсат соҳасидаги найранглари ва иккиюзламачилиги ёзилавериб сийқаси чиқиб кетган мавзуга айланиб бўлди. Далилларга мурожаат қилайлик: Афғонистон советлар билан урушаётганида «Толибон» ҳаракати АҚШнинг яқин дўсти эди. Пул ва ёрдам оларди. СССР чиқиб кетганидан сўнг улар ҳокимиятни олгач, ўртага АҚШ манфаатлари чиқиб қолди ва «Толибон» энг катта душманга айланди.
Демократиянинг эркин сайловлар ҳақидаги талаб ва қарашлари ҳам иккиюзламачилик ва ғалати ўлчовлар асосига қурилган. Масалан, Ғарб демократияси ҳатто тупканинг тагидаги мамлакатлардаги сайловларда адолат бузилмаслигини назорат қилиш учун вафд (делегатсия) юборишни эсдан чиқармайдию, аммо АҚШда охирги сайловда президент бўлиб сайланган Гор бир кечада сайловда «ютқазган» чиқиб қолади ва «гапга кўнадиган» Буш яна тахтга чиқиб олади.
Демократиянинг ўз ўлчов-мезонлари бор, бунда у ҳамиша ўз манфаатларидан, дунёга яккаҳоким бўлиш мақсадларидан келиб чиқиб ёндошади. Ўз халқига миллий қаҳрамон ҳисобланган курашчи Ғарб учун – террорчи. Халқларга икки дунё саодатини таклиф этган Ислом дини миллиардлаб кишилар учун бугунги кунда ягона нажот йўли, барча ёвузликлардан қутулиш воситаси бўлса, демократлар учун у террор дини, вайронгарчилик ва ҳақсизликлар ўчоғи ҳисобланади. Испаниядаги басклар ҳуқуқ талашиб, Шимолий Ирландиядаги насронийлар ихтилоф қилиб, Италиядаги «Қизил бригада» деган сўл кучлар ўз ғояларига кўра ҳар куни портлаш қилишса, ҳеч кимнинг иши йўқ. Аммо бузуқликлардан, эътиқоди поймол бўлаётганидан, талабларини ҳеч ким назарга илмаётганидан жони халқумига келиб, қони қайнаган бир ориятли йигит мусулмон юртидаги бир бузуқхонани портлатиб юборса, бутун Ғарб дунёси бараварига наъра тортади, дод солади, дунёдаги ҳамма ёмонликларнинг боши – Ислом экани ҳақида туҳмат-иғволарини бошлаб юборади.
Кембриж университети профессори Тимоти Ж. Уинтер (Абдулҳаким Мурод) шундай мисол келтиради: «Ҳозирги кунда Ғарб шарҳловчилари орасида уларнинг ўз дунёсидаги жиноятчиликнинг ошиб кетиши, никоҳларнинг бузилиши, уйсизлик, гиёҳвандликнинг кенг тарқалиши сингари хавфларнинг ортаётгани ҳақидаги хавотир кучайиб бормоқда. Ўз ичида хавф сезган ҳар бир жамият беихтиёр ташқаридан душман ахтара бошлайди» («XXI асрда Ислом», Тошкент, «Шарқ», 2005, 291-бет).
Инглиз мусулмон олимининг бу фикрлари энди ҳамма нарсани ойдинлатиб қўйган бўлса керак? Демак, одамларнинг фикрини жамиятдаги иллат ва қўрқувлардан чалғитишга энг яхши баҳона – Ислом хавфи, Ислом террорчилиги! Камига «бегуноҳ» босқинчининг бўғзига пичоқ қадаб турган ниқобли одамнинг ёки қаердадир портлатилган бино олдига тўкилган қон халқобларини телевидение орқали кетма-кет намойиш қилиб турилса, янада ваҳималироқ чиқади, одамларни кўпроқ ишонтиради.
Профессор Уинтер ўзининг «XXI асрда Ислом» китобида яна қуйидагиларни ёзади: «Ғарб киночилари ўз томошабинлари эътиборини жамиятларидаги муаммоларни ечиш машаққатларидан чалғитиш учун уларнинг қорнини Яқин Шарқ террорчилари ҳақидаги бўлар-бўлмас уйдирмаларнинг парҳез таоми билан тўйдириб туради» (юқоридаги асар, 291-бет).
Нима бўлганда ҳам, демократия Ғарбга хизмат қилса, унинг манфаатларига жавоб берса бўлди. Адолат, ҳақиқат, инсоф деган гаплар бир пул. Ўғрилик, бангилик, фоҳишабозлик, судхўрлик, порахўрлик каби иллатлар қайнаб-тошган Ғарб мамлакатлари демократ ҳисобланадию, аммо ана шу жиноятлар таг-томири билан тугатиб юборилган Саудия Арабистони демократлар рўйхатига кира олмай ҳалак. Демократия етти ухлаб тушига кирмаган, аммо катта оғасининг чизиғидан чиқмайдиган Оврўпа мамлакати бу рўйхатнинг бошида турадию, аммо мамлакат президенти ҳам, парламенти ҳам энг демократик йўл билан сайланаётган Эронни ҳеч ким демократлар сафига қўшгиси келмайди. Ваҳоланки, бу галги сайловда Эрон президентлигига олти нафар номзод мингдан ортиқ талабгор орасидан саралаб олинган эди. Ана сизга мақталган Ғарб демократияси мезонлари! Бу ҳам адолат ва ҳақиқат ҳақида тинмай лоф ураётган демократиянинг ҳийла-найрангларидан бир кўриниш.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги дунё тарихига назар ташласангиз, бирча минтақавий ихтилофлар, фуқаролик урушлари Ғарб демократларининг «холис» хизмати туфайли, уларнинг ғаразли манфаатларини, дунёга эгалик иштиёқларини кўзлаб ташкил этилганига ёки бошланиб кетганига шоҳид бўласиз. Ислом оламининг дил яраси бўлган, афтидан қиёматгача давом этадиган Фаластин ва Кашмирдаги мусулмонлар бошига тушган кулфат-алам ва фожеалар ҳақида гапирмай қўя қолайлик. Ливан, Ироқ, Эрон, Тоғли Қорабоғ, Босна – Херсек, Кипр, Тожикистон, Албания, Афғонистон, Жазоир, Ҳабашистон, Форс кўрфази мамлакатлари… Бу рўйхатни анча давом эттириш мумкин. Бу давлатлар турли минтақаларда жойлашганига қарамай, уларни битта умумият боғлаб туради. Ана шу ерлардаги уруш ва ихтилофлар «ўйини»га Ғарб демократиясининг геосиёсий манфаатларию унда-бунда бош кўтариб, Ғарбнинг дунёни бошқариш режаларини бузиб қўяётган Ислом ғоясини тинмай янчиб, тарқалишига йўл қўймаслик ниятлари тикилган. Коммунизм тўкин, фаровон ва адолатли ҳаёт ваъда қилиб, ўз таъсирини бутун дунёга ёйиш ва уни бошқаришни орзу қилган бўлса, Ғарб демократияси ҳам худди шу нарсаларни ваъда қилиб, худди шу мақсадига эришмоқчи. Ваъда-мақсадлар, ният-ҳийлалар бир хил бўлгач, қисматлар айрича бўлади, деб ким ҳам башорат қила олади? Машҳур ўрис ёзувчиси, анча йиллар демократия ватани – АҚШда яшаб келган, Нобел мукофоти соҳиби Александр Солженитсиннинг мана бу сўзлари ёдга олинса, ёмон бўлмасди: «Демократия ҳеч бир мукаммал қонун, ҳеч бир сиёсатчи томонидан юқоридан туриб ўрнатилиши мумкин эмас. Демократия қопқоқ сингари ўрнатилмаслиги лозим. Демократия кўкка бўй чўзадиган барча ўсимликлар каби фақат пастдан юқорига қараб ривожланиши мумкин. Демократияни қурол билан олиб келиб мажбуран ўрнатиб бўлмайди» («Халқ сўзи», 2005 йил 14 июн).
Кураш рақибсиз, ғанимсиз бўлмайди. Коммунизм асосий душмани капитализмга қарши аёвсиз кураш олиб бориб, ўз ҳалокатини топди. Ғарб демократияси эса насронийлик ақидасига содиқ қолиб, асосий ғанимликка Исломни танлади ва унга қарата барча тўпларидан бирваракайига ўқ узмоқда. Демократияни ҳимоя қилиш, халқларга ҳуррият ва демократия олиб бориш, деган сохта шиорлар билан кўнглига хуш келган ёвузликни қиляпти, хоҳлаган жойини босиб оляпти. Мусулмонларнинг ақидасига, иймонига, миллатларнинг менталитети ва миллий қадриятларига мутлақо зид бўлган мафкура, ғоя, маданиятларни тиқиштиришга уринмоқда. Бу уларга маъқулми, яшаш тарзига тўғри келадими, фарқи йўқ. «Тамом, қабул қиласан, йўқса, юртингни вайрон, одамларингни қул қиламиз».
Нима, Ислом ўлкалари ҳам Ғарбнинг ўзи қутула олмай, чорасизликдан дод солаётган руҳий безовталик, бузуқлик ва жинсий «ҳуррият», оила инқирози ва асл қадриятлардан мосуволик, бойлик ва моддий дунёга қул бўлиш ҳамда Яратганни унутиш каби фожеаларни албатта бошдан ўтказишлари керакми? Нима, шу кунгача оиласи қучоғида бахтиёр яшаган ироқлик аёл Ғарб аёлига тақлид қилиб исловотхоналарда танфурушлик қилсинми? Нима, малайзиялик мусулмон йигит Ғарбдаги каби тўйгача ўнлаб эркакнинг қучоғига кириб чиқишга улгурган жувонни ўзига завжаликка танласинми? Нима, эронлик йигит Ғарбдаги тенгдошларига ўхшаб умрини қовоқхона-бангихоналарда, томошахона-тансахоналарда совурсинми? Нима, мусулмон ўлкаларида ҳам Ғарбдаги каби одамлар кўнглига ёққан ишни қилиб, оғзига келганини гапириб, андишасиз, худбин, қўрс ва ахлоқсиз кишилар жамияти қурилсинми? Йўқ, Ғарб тиқиштираётган, мажбурлаётган бу демократиянинг, «маданият»нинг, турмуш тарзининг мусулмонларга кераги ҳам, фойдаси ҳам йўқ! Зарур бўлса, чинакам ҳурриятни, ҳақиқий адолатни, мунофиқликдан холи демократияни уларга Исломнинг ўзи ўргатиб қўяди. Бундан ўн беш аср муқаддам у чинакам халқ ҳокимияти қандай бўлишини бутун дунёга кўрсатиб қўйган. Оддий саҳройи араб Ислом дунёсининг раҳбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига келиб, хоҳлаган нарсасини сўраб, хоҳлаган илтимосини изҳор эта олиши демократия эмасми? Мўминлар раҳбари Умар ибн Хаттоб кўчада кетаётганида бир кампир тўхтатиб олиб, қаттиқ танбеҳ берганида «Бу муштипар аёлнинг арзини Аллоҳ эшитади-ю, Умар эшитмасинми?» деб ҳайқиришини энг демократ ҳукмдор орзу ҳам қилолмайди. Қаровчисиз қолиб, болаларига овқат топа олмаган бир аёлнинг аҳволидан бехабар қолгани учун Аллоҳдан қўрқиб елкасида болаларга овқат ташиб келган ҳазрат Умардай раҳбарни қайси демократик ўлкадан топса бўлади?
Энди мисол келтиришга нуқта қўяйлик-да, алломалар ва фозилларнинг бу ҳақдаги фикрларига бир қулоқ осайлик: «Ислом барча улуғ динлар, инсон табиатининг моҳиятига кириб борадиган барча ғоялар каби ҳақиқатдан одамларни бир сафга қўяди. Ислом динида жамики одам ўзаро тенгдир», дейди инглиз тарихчиси ва файласуфи Томас Карлейл. Яна бир аллома А. Тоунвес шундай ёзади: «Мусулмонларда ирқий табақаланишнинг йўқлиги Исломнинг энг буюк ютуқларидан биридир ва ҳозирги дунёда ушбу исломий фазилатни ёйиш энг зарур эҳтиёждир». Атоқли инглиз шоири, Нобел мукофоти номзоди Бернард Шоунинг мана бу сўзлари эса бу ҳақдаги барча фикрлардан ҳам салмоқлироқдир: «Демократияни илгари сурган дастлабки миллат инглизлардир. Улардан ҳам олдин эса мусулмонлардир».
Бизга шу гапларнинг ўзи етарли!

Жаъфар АБДУЛМЎМИН

info.islom.uz

Категория: Siyosat | Просмотров: 1636 | Добавил: Unknown_moder | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 1
Ник: Коментария kz

Салем сайт колданушылары! Сiздерге тегiн сайт ашу 01.08.2014 га дейiн созылады


Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]