Juma, 17.05.2024, 15:04
Приветствую Вас, Mehmon
Главная » 2008 » Июнь » 3 » Fantastik maqola!Albatta o'qing!
10:11
Fantastik maqola!Albatta o'qing!

БЎЛИШИ МУМКИН ЭМАС!
Жамоалар таркибининг майдондаги кўриниши.
«КЎНГЛИ ТЎҚЛАР» ЖАМОАСИ  

Заҳирада қолган ўйинчилар:

Дарвозабонлар: Касильес, Испания. Ван дер Саар, Голландия.
Ҳимоячилар: Уйфалуши,Чехия. Лам, Германия. Ферейра, Португалия. Тюрам, Макалеле, Галлас, Саньол, Абидаль, Франция, Шимич, Хорватия, Янкуловски, Чехия.
Ярим ҳимоячилар: Каморанезе, Гаттузо, Италия. Хави, Испания, Роббен, Голландия, Швайнштайгер, Фрингс, Германия. Деку, Португалия. Виера, Малуда, Рибери, Франция.
Ҳужумчилар: Тони, Италия. Торрес, Испания

АЛАМЗАДАЛАР ЖАМОАСИ
Заҳирада қолган ўйинчилар:

Жеймс, Англия. Кошта, Португалия. Жилардиньо, Италия. Зеедорф. Голландия. Жо Коул, Англия. Вашук ва Воронин, Украина, Кержаков, Россия. Фигу, Португалия, Видич, Сербия, Фламини, Франция.

Учрашув ҳаками – Пьерлуиджи Коллина, Италия

Жанр:    фантастика-комедия.
Маҳсулот:             хаёлфильм, 2008.
Давомийлиги:                        130 дақиқа.

“Ўйин” ташкилотчиси: Хайрулло Ҳамидов

Мақоланинг сарлавҳасини ўқиган киши беихтиёр ҳайрон қолиши турган гап. “Муаллиф нима демоқчи, мақола ҳаддан ташқари зўр демоқчими, ёки фантастика жанрига хос мақола демоқчими?” Очиғини тан олишим керак, аслида мақсадим иккинчиси эди, яъни фантастика жанрига хос мақола ёзиш! Аммо мақола охирига етганидан сўнг, ич-ичимдан сизиб келган хулоса шу бўлдики, мақоланинг ўзи ҳам фантастик ҳолда якунига етди. Шу боис, ижозатингиз ила мақоланинг аввалги қисмини биринчи марта мақолани ёзиб бўлганимдан кейин ёзяпман. Худога шукр, компьютер клавишалари билан ишлашни билганим боис, кейин ёзганларимни бир зумда мақоланинг бошига қўйиш имкониятим бор. Қарабсизки, мақола икки томонлама фантастик услубда кўриниш олди.

Мақолага киришишдан олдин ушбу мақоланинг шартларини тушунтириб қўйсам:
1. Ушбу ёзганларим ҳаётий воқеликдан жуда узоқ, узоқлиги шу даражадаки клублар ўртасида ўтказиладиган навбатдаги жаҳон чемпионатида “Қурувчи” билан “Манчестер Юнайтед”нинг ўйнаб қолишидан ҳам узоқроқ. (Ушбу жамоалар ҳар ҳолда ўзаро тўп суришлари мумкин!)
2. Ушбу ёзганларим шахсан ўзимга тегишли хулосалар. Бирон бир сайт ёки нашрга таянмаганман. Шу боис, ундаги фикрларга, рамзий футболчиларга рози бўлмаслигингиз ҳам мумкин.
3. Бу мақола билан мен УЕФАга ҳеч қандай ғаразим йўқлгини айтмоқчиман, футбол деб аталмиш жозибали ўйиннинг обрўсини ҳам туширмоқчи эмасман.
4. Энг асосийси шуки, ушбу мақола Европа чемпионатидан олдин ёзилганини унутманг! Мен буни алоҳида таъкидлаётганимнинг боиси шулки, бир неча ой ўтиб “Интерфутбол” газетасининг шу бугунги сони қўлингизга тушиб қолса кулиб юрманг! Сиз у пайтда Евро-2008да бўлиб ўтган воқеалардан хабардор бўласиз...
5. Ўқиб бўлганингиздан сўнг, ўзингиз ҳам бу борада шундай мақолага қўл уриб кўринг. Бу услуб инсонни хаёлот гулшанига таклиф этиб, турли-туман воқеаларни боғлаш санъатини ўргатади ва чиқиб кетаётганида жумлаларни бўйинларга гулчамбарлар қилиб тақиб қўяди. Биров сизни таъқиқлай олмайдиган сарҳадларда кезасиз, хоҳлаганингизни ёзасиз, яхши кўрган футболчингизни осмонларга кўтариб, ёмон кўрганларингизни роса масхара қиласиз. Ишонинг, бу ишни ҳатто компьютер ўйинларида ҳам амалга ошира олмайсиз. Бу ерда ихтиёр сизга берилади. Роса маза қиласиз!!!

Демак, фантастик мақоламиз иштирокчиларини яхши таниб олинг!
Евро—2008га йўл олганлар номидан майдонга тушадиган жамоанинг номи “Кўнгли тўқлар” жамоаси деб аталади.
Евро-2008га йўл ололмаганлар номидан майдонга тушадиган жамоанинг номи “Аламзадалар” деб аталади.

Учрашув қизиқроқ бўлиши учун Англия пойтахтида жойлашган ва яқиндагина таъмирдан чиққан «Уэмбли» стадиони танланган. Чунки ушбу ўйингоҳ ҳаммага маълум ва бормаганлар номидан ўйнаётган йигитларга жуда қадрдон.

Европа чемпионати Бразилия в Аргентинасиз ўтадиган жаҳон чемпионати десак муболаға бўлмайди. Кескин кураш эътибори билан олганда, мундиал баҳсларидан ҳам шиддатлироқ. Шу боис, Европа чемпионатига ҳомий бўлиш жаҳон чемпионатига ҳомий бўлишдан каттароқ маблағ талаб қилади. Бу ерда қатнашадиган 16 жамоанинг савия томонлама бир-биридан катта фарқи йўқ. Бунга плей-офф босқичларида қайд этиладиган дуранг натижалар ва пенальтилар серияларининг давомий суратда ўтиши мисол бўла олади. Бу йили ҳам шундай бўлди. Австрия ва Швейцария мамлакатларида ўтказилиши мўлжаллланган мусобақага кўхна қитъанинг энг кучли жамоалари йўл олишди. Тўғри, уларнинг ичида Англиянинг йўқлиги кишини ранжитади, аммо футбол шунақа сенсациялар билан ҳам қизиқ эканлиги кўпчиликка аён.
Сенсациянинг ҳазилакам бўлмаганини тушунган УЕФА раҳбарияти футбол ватани вакилларининг ҳурматини жойига қўйишди. Яъниким, Евро-2008 бошланишидан бир ҳафта олдин “Кўнгли тўқлар” ва “Аламзадалар” ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказишга қарор қилишди. Мантиқан олганда катта мусобақага борадиган жамоалардан танланган юлдузлар мусобақадан қолиб кетган йигитларни ўйнаб кулиб енгишлари мумкин. Бироқ, бу сафарги ўйин ва унга таклиф этилган футболчилар рўйхатини ўқиб, бунақа хулоса бериб бўлмасди. Чунки “Кўнгли тўқлар” жамоасини танлаб олиш каттароқ ташвиш келтирди ўйин ташкилотчиларига. “Аламзадалар” жамоаси таркибида тўп сурадиган юлдузлар шу қадар машҳур эдиларки, «Уэмбли» стадионига оқиб келган мухлислар уларни дарҳол таниб олишди. Аксари Англия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилгандан сўнг албатта олқишлашади-да!

Европа чемпиони - Греция терма жамоаси бош мураббийи мураббийлар масаласида барчани бир бурчакка тиқиб қўяди. Чунки у “йўқ жамоа”ни нафақат ўйната олган, балки Португалия яшил майдонларида Португалия устидан икки марта енгиб, чемпионлик шохсупасига олиб чиққан эди. Рекхагель ўша грекларни мусобақада ўйнатишидан аввал ҳақиқий юлдузлар билан ҳам ишлаш лаззатидан баҳра олсин-да энди, ҳўш нима дейсиз?! Рекхагельга асосий таркибни аниқлаб олиш катта мушкулот туғдирди, натижада сўнгги қарорини қуйидагича қилди:
Дарвозага шак шубҳасиз бугунги кунда биринчи рақамлилар ичида энг биринчи рақам бўлиб турган италиялик Жанлуиджи Буффонни қўйди. Ҳимоя марказида испан Пуйоль ва италиялик Каннаворони қолдирган бўлса, қанотларга италиялик Замбротта ҳамда франциялик Эврани ўтказди.
Таянч ярим ҳимоячилари этиб франциялик Макалеле ва италиялик Пирлони танлади. Ўнг ва чап қанотга Португалия юлдузи Криштиану Роналду ва германиялик Баллакни қўйди. Фақат Роналдуга чап томон топширилганининг боиси, рақиб жамоанинг чап қанотида Эшли Коул ҳаракат қилади. Англиялик ҳимоячи Криштиануга етарли ташвиш туғдиришини германиялик мутахассис англаб етган эди. Худди МЮ мураббийи Алекс Фергюссонга ўхшаб. Ҳужум чизиғида голландиялик Нистелройга сал орқада швециялик Ибрагимович ёрдам берадиган бўлди.

“Аламзадалар” жамоаси бош мураббийи Англия терма жамоаси мураббийи бўлиши ҳам мантиқ асосига кўра қўйилди. Стив Макларен ўз таркибини тўлдиришда Рекхагелга қараганда кўп қийналмади. Чунки танлаб олиш учун унинг қарамоғида футболчилар бироз кам эди. Аммо қандай футболчилар, бир қаранг!
Дарвозада германиялик Кан! Ҳимоя чизиғининг марказида Москва финалида ҳаммани ҳайрат кўчасига етаклаган қаҳрамонлар Жон Терри ва Рио Фердинанд. Қанотларда ҳам Евро-2008дан қолиб кетган терма жамоа вакиллари - Браун ва Эшли Коул. Ўйлаймизки, бу ўйинчилар “кўнгли тўқлар” жамоасини ҳам бемалол безарди!
Ярим ҳимочиларга бир назар солинг! Британиялик квартет – Лэмпард, Жерард, Бекхэм ва Гиггз. Бу номларга ортиқча таърифнинг ҳожати йўқ. Агар биттага битта таққослайдиган бўлсак, “кўнгли тўқлар”нинг бу борада кўнгли у қадар тўқ бўла олмайди.
Ҳужум чизиғидаги юлдузларни катта ҳарфлар билан ёзишга ижозат беринг! РАУЛЬ ва ТРЕЗЕГЕ! Энг қизиғи шуки, бу икки йигитнинг ватандошлари Европа чемпионатига равона бўлишган. Булар эса ўз мураббийларининг қайсарликлари туфайли мусобақа ташқарисида қолиб кетишди. Рауль бу йили “Реал” тўпурари бўлиш билан биргаликда Испания чемпионатининг энг яхши ўйинчиси бўлди. Трезеге эса миллий чемпионатда Дель Пьеродан кейинги тўпурарга айланди. Ана шундай юлдузларнинг ўрнида қандайдир Гюиса ва Говулар миллий терма жамоа либосини кийиб кетишди. Хуллас, Рауль-Трезеге жуфтлиги Нистелрой-Ибрагимович жуфтлиги билан таққосланганда камида тенг эканлиги ойдинлашади.
Заҳирада ўтирган футболчилар ҳақида ўйин шарҳи давомида ҳикоя қиламиз.

Ҳакамнинг ҳуштаги чалиниши билан «Уэмбли» стадиони оловли қозон ичида қолганлиги маълум бўлади. Бутун стадион аламзадаларнинг шиддат билан ўйинни бошлаганини олқишлади. Учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ Макларен шогирдлари рақиб дарвозасини ишғол этиш учун икки-уч имкониятга эга бўлишди. Бироқ, барча вазиятда ҳимоячилар қўрғони Каннаваро ва дарвозабон Буффон бехато ҳаракат қилди.
11-дақиқа ўтиб бораётганда Криштиану Роналду ҳам узоқдан кучли зарба йўллади. Аммо бу сафар Кан ишончли ўйнади. Озгина вақт ўтиб Нистелрой бош билан ҳисобни очиши мумкин эди. Бироқ Жон Террининг ҳалақит бериши натижасида тўп дарвозадан ўрин олмади.
20-дақиқада эса ниҳоят таблочиларга иш топилди. «Аламзадалар» ҳисобни очишлари кутилган эди ва шундай бўлиб чиқди ҳам! Гол билан якунланган ҳужумда деярли бутун жамоа иштирок этди. Ҳимоячиларга ёрдамга етиб келган Лемпард майдон марказида устунликни қўлга ололмаётган Пирлодан тўпни олиб қўйди ва тезлик ила сал олдинда ўйнаётган Жерардга узатди. “Ливерпуль” вакили эса ўнг чизиқда ҳаракат қилаётган Бекхэмни излаб топди. Девид ҳам ўз мухлисларига океан ортида футбол ўйнашни ёдидан чиқариб қўймаганини исботлаш ниятида ўзининг афсонавий тўп узатишини амалга оширди. Айнан мана шунақа тўпларни осонлик билан қабул қилишга ўрганган Рауль ўнг бурчакдан дарвозабон сари одимлади ва Мадриддаги жамоадоши бўлмиш Каннаваронинг жон ҳолатда тўпга ташланишини олдиндан билгандек алдамчи ҳаракат ила деярли бўш дарвоза олдида қолган Трезегени тўп билан таъминлади. Франция терма жамоаси бош мураббийи Доменекнинг қарорига ҳалигача ҳайрон бўлиб юрган Давид бунақа вазиятларга туғилган, десак тўғри бўлади. ГОООЛ!
«Умэбли» стадионидаги ҳолатни тасаввур қилиш мушкул эмас. Ҳамма ўрнидан турган ва франциялик юлдузнинг майдон бўйлаб айланаётганини кузатарди.
Табиийки, ўйиннинг бундай кўриниш олиши Отто Рекхагелга ёқмади. “Кўнгли тўқлар” таркибига ҳам, “аламзадалар” таркибига ҳам лойиқ кўрилмаган грекларни Европа чемпиони қилган мураббий дарҳол ярим ҳимоядаги заифликни англаб, Пирлонинг ўрнига испаниялик Хаби Алонсони туширди. “Ливерпуль” вакили ўйин суратини бироз ўзгартириши кутилган эди.
Ҳақиқатан-да таянч ярим ҳимоя бутунлай Макалелега топширилгач, Хаби майдон марказида Жерардга жиддий қаршилик қилишга тушди. Ҳар ҳолда бир жамоада ўйналгани бу борада испаниялик ярим ҳимоячининг фойдасига хизмат қилди. 31-дақиқада Хаби узоқдан рақиб дарвозасини ишғол этиш учун кучли зарба йўллади. Бироқ, тўпни дарвозабон қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборди. Хавф бартараф бўлди, деб ўйлаганлар хато қилишди. Чунки Баллакнинг бурчакдан узатиб берган тўпини ўйин аввалидан бери бироз унутилаёзган Криштиану Роналду боши билан дарвозага йўллади. Шу қадар хотиржам йўлладики, ушбу голнинг такрорини кўрганда ҳам Чемпионлар Лигаси финалида киритилган гол билан фарқлаб олиш мушкул эди. Бу вазиятда португалиялик бўйдор юлдузни МЮдаги жамоадоши Фердинанд ўтказиб юборган эди. ГОООЛ! 1:1.

Танаффусга чиққунга қадар икки жамоада ҳам гол уриш учун учтадан имконият бўлди. Лекин гоҳида Ибрагимовичнинг зарбаси муваффақиятли чиқмаган бўлса, гоҳида Нистелройга ҳимоячилар етарли қаршилик кўрсатишди. Баллакнинг узоқдан йўллаган ажойиб зарбаси эса тўпнинг дарвоза устунига тегиб, майдондан чиқиб кетиши билан тугади. “Аламзадалар”нинг хавфли вазиятларида Рауль ҳамда Бекхэм асосий ролни ўйнади. Испаниялик юлдуз 40-дақиқада ўз жойидан озгина олдинга чиқиб кетган Буффонни жазоламоқчи бўлди – тўп дарвоза тўсинига тегиб майдонга қайтди. Кейинги дақиқада Бекхэм жарима тўпини қойилмақом тарзда бажариб, италиялик дарвозабоннинг асабларини текшириб кўрди. Бу сафар омад яна Буффонга кулиб боқди. Хуллас, танаффусга жамоалар дуранг ҳисоб билан чиқиб кетишди.

Танаффусда мураббийлар биттадан футболчи алмаштиришга қарор қилишгани иккинчи бўлим аввалида маълум бўлди. Ўйинга у қадар қовуша олмаган Златан Ибрагимович ўрнига Алессандро Дель Пьеро туширилди. «Аламзадалар» таркибидаги ўзгариш ярим ҳимояда бўлди. Бироз ёши ўтиб қолганини сездириб қўйган Райан Гиггз ўз ўрнини бошқа бир қария чехиялик Недведга бўшатди. Олдинги Европа чемпионатининг энг яхши вакилларидан бири англиялик триога ёрдам бериши талаб этилганди.
Иккинчи бўлимнинг биринчи дақиқасидаёқ Рауль дарвозабон билан бирга бир чиқиб кетди ва Буффонни алдаб ўтганидан сўнг йиқитилди. Учрашувни бошқарган ҳакамлар бу вазиятда испаниялик юлдуз дарвозадан кўра бурчак байроқчасига яқин масофада турганлигини инобатга олиб, пенальти белгилашди-ю, дарвозабонга қизил карточка кўрсатишмади, фақат огоҳлантиришди, холос. Ўн бир метрлик жарима тўпини Раульнинг ўзи бажарди. Буффон бу сафар ожиз қолди – 1:2!

Иккинчи бўлимнинг бу қадар вазиятда бошланишини кутмаган Рекхагель ўз шогирдларини бироз ҳужумкор ўйинга чақирди. Бунинг натижаси ўлароқ, уч дақиқа ичида Нистелрой ажойиб имкониятга эга бўлди – тўп дарвоза устунига тегиб майдонга қайтди, шунингдек, Роналдуни жарима майдончаси ичида тўхтатиб қолишди. Лекин негадир португалиялик юлдузнинг йиқилишини ҳакам муғомбирлик ҳолати деб баҳолади.
Ва ниҳоят 59-дақиқа ўтиб бораётганда голландиялик ҳужумчи ўз бахтини излай-излай топди. Ушбу ҳужумда ҳатто Замброттанинг иштирок этганини ҳам ҳисобга олсак, барча чизиқ вакиллари қатнашишди. Италиялик ҳимоячи марказга ўтиб ўйнаётган Роналдуга узатди тўпни, португалиялик ярим ҳимоячи эса Нистелройни излаб топди. Дарвозабон билан яккама-якка қолган Рууд эса ҳеч иккиланмай тўпни бурчакка йўллаб, ҳисобни тенглаштирди – 2:2!

«Уэмбли»даги ҳолат бироз жиддийлашди. Макларен таркибда жиддий ўзгартириш қила олмаслигини англаса-да, охирги дақиқаларда анчагина ҳолдан тойган Брауннинг ўрнига италиялик Оддони туширди. Терма жамоа таркибига чақирилган ҳимоячининг майдонга тушиши ўйин суратини ўзгартирмаса-да, 20 дақиқага яқин вақт давомида икки томоннинг тенглигини таъминлади.

81-дақиқада Дель Пьеро ўзини кўрсатди. Чап қанотда ўзининг машҳур финтини ишлатиб, аввалига ўша қанотда ўйнаётган  Пуйолни алдаб ўтди, сўнг эса ўнг оёғи билан дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олди. Бу зарбага германиялик посбон тайёр эмасди. Натижада, учрашувда биринчи марта “кўнгли тўқлар” ҳисобда олдинга чиқиб олишди – 3:2.
Ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида рўй берган бу ходиса «Уэмбли» стадионига ташриф буюрган инсонларни карахт аҳволга солиб қўйган эди. Бу пайтда эса ўйин суратини ўзгартириш учун Макларен кутилмаган қарорга қўл урди. Яримҳимояда муваффақиятли ҳаракат қилаётган Лемпарднинг ўрнига Андрей Шевченкони туширди. «Аламзадалар» учта ҳужумчи билан ўйнашларига тўғри келарди бундан буён.
Чемпионлар Лигаси финалида шундай ҳолатни кута-кута чарчаган украиналик форвард ўйинга жуда чиройли қовушди. Тушганига икки дақиқа ўтар ўтмас Раулни тўп билан таъминлади. Кейин эса тахминан 28 метрлардан кучли зарба йўллаб рақиб дарвозасини нишонга олди. Давид Трезеге дарвозабонни тўсиб тургани учун Буффон бу ҳолатни илғаёлмай қолди. Шу боис бўлса керак, тезлик билан ён чизиқ ҳакамидан ёрдам сўраб, Трезеге ўйиндан ташқари ҳолатда қолганини тушунтира кетди. Ён чизиқ ҳаками эса Шеванинг ёлворганнамо қараб турганини ҳис қилди, шекилли, франциялик ҳужумчи офсайдга тушмаган, деб эълон қилди. Андрей 2003 йилдаги чемпионлар Лигаси финалида рўй берган воқеа аламини олганини ҳис қилиб, либосининг ярмини ечган ҳолда югуриб кетди. Ўшанда ҳам дарвозада Буффон эди!!! 3:3.
Истасак-истамасак, ҳамма қўшиб берилган бўлимларга таклиф этилган эди.

Учрашув ўртоқлик мақомида бўлгани боис ҳам, икки томон ўртасида бештадан футболчи алмаштириш келишиб олинган эди. Шу боис, мураббийлар иложи бўлса ўйинга бошқача об-ҳаво олиб кирадиган заҳираларини ишга солишга уринишарди.Отто Рекхагель бир йўла уч футболчисини янгилади. Тўқсон дақиқа давомида тиним билмаган Каннаваро ва Пуйоль ўрнига  италиялик Матерацци ҳамда Кьеллинини туширди, ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида ярим ҳимояда тўп сураётган Баллакни Тьерри Анри билан алиштирди. Анри асосан чап қанотдан ҳужум қилишини инобатга олсак, бу томонга Роналду ўтди. Ҳар ҳолда ўйин услубини ўзгартириб туриш фойдадан ҳоли бўлмайди. Дель Пьеро эса бироз орқароққа ўтиб ўйнашга тушди.

Стив Макларен ҳам бу имкониятдан яхши фойдаланди. Ҳужум чизиғидаги ҳавони яхшилаш мақсадида Трезеге ўрнига Филиппо Индзагини туширган бўлса, анчагина чарчаган Фердинанд ўрнини грузиялик иқтидорли ҳимоячи Каха Каладзе билан тўлдирди. Икки мураббий шу билан заҳирадаги имкониятларидан тўлиқ фойдаланишди. Буёғига тўқ-сон дақиқа давомида майдондаги юлдузлар бор масалани ҳал қилишлари лозим эди. Аламзадалар тартиботида катта ўзгаришлар юзага келди. Рауль деярли таянч ярим ҳимоячисига айланган бўлса, ҳужум чизиғида ҳаракат қилаётган Шева ҳам бироз орқароққа ўтди. Чунки бутун жамоа энди тезкор ва айёр Индзагига қурила бошлади.
Учинчи бўлим жуда ҳам эхтиёткорлик билан ўтди. Деярли ҳужум бўлмади, десак нотўғри бўлмасди. Биргина вазиятда Индзаги яхши имкониятни қўлдан бой берди. Бошқа бирон бир ҳолат учун вақт сарфлаб, қоғоз сарфлаб ўтирмаймиз. Аммо охирги бўлимда икки томон ҳам ўзига келишга улгурди.

108-дақиқа. Анри - Дель Пьеро ҳужуми шар қандай фестивални ҳам безайдиган даражада бажарилгандан, франциялик ҳужумчи рақиб дарвозасини ишғол этганида, «Уэмбли»даги мухлислар ҳам ўринларидан туриб олқишлашди голни. Анри ўзининг ўнг оёғида гўзал гол муаллифига айланди. Яна «Кўнгли тўқлар» ҳисобда олдинга чиқиб олишди.
Икки дақиқа ўтар – ўтмас Недвед - Индзаги жуфтлиги ундан-да чиройли ҳужум билан жавоб беришди. Афсуски, Пиппо-голнинг охирги зарбасини унинг ватандоши Буффон катта қийинчилик билан бартараф этди. Лекин Индзаги барибир таблода номини порлатди. Бу ҳолатга у Матераццининг хатосидан сўнг фойдаланди. ЖЧ-2006 финали антиқаҳрамони бўлган ҳимоячи Филиппога тўпни олдириб қўйди ва буёғига яримта имкониятдан ҳам битта гол қилиб кетадиган йигитнинг гол муаллифи бўлишини томоша қилди. Яна ҳисоб тенглашди – 4:4.
Бу гол аламзадаларни руҳлантириб юборган бўлса ҳамки, ҳисобни ўзгартиришга имкониятлар етарли бўлмади. Учрашувнинг охиригача ушбу ҳисоб ўзгармади ва кутилганидек ҳамма пенальтилар сериясига таклиф этилди.

Пенальтилар серияси… Кимларни йиғлатмаган ва кимларни рақсга туширмаган серия. Уни кўпчилик лоторея бахсига ўхшатади. Биз эса бу бахсни асаблар беллашуви деб таърифлаймиз. Чунки лоторея умуман бошқа услубда ўйналса, бу ерда асаблар тўқнашуви юзага келади.
Биз пенальтилар сериясидаги ҳолатларни изоҳлаш учун, ЎЗТВ шарҳловчиларининг номидан гапиришга ўтамиз. Зотан, ўйин шарҳланаётганда пенальтилар серияси жуда ҳам қизиқ таърифларга бой бўлади.

“Демак, қадрли футбол ишқибозлари, пенальтилар серияси! Учрашувни чиройли бошқарган италиялик Коллина қарорига мувофиқ биринчи бўлиб тўпни «аламзадалар» жамоаси тепадиган бўлди.
Тўпга биринчи бўлиб Рауль келмоқда. Бутун ўйин давомида чиройли ҳаракатлари билан алоҳида ажралиб турган ҳужумчи ўз фаолияти давомида пенальтилар масаласида ҳам анчагина аламзада ҳисобланади. Учрашувдаги бир голни айнан пенальтидан киритганини ёдга оладиган бўлсак, бу сафар Буффон билан кечадиган дуэлда нима қилар экан, деган савол қийнарди кўпчиликни! Испаниялик юлдуз бу сафар қам Италия терма жамоаси дарвозабонини алдади – 4:5!
«Кўнгли тўқлар»дан Роналду бошлаб бериши маълум бўлди. Португалиялик юлдуз яқиндагина ЧЛ финалида каттакон «қовун туширгани» ҳамманинг ёдида. Бу сафар нима қилар экан??? Йўқ, Криштиану Канни осонлик билан доғда қолдирди ва ўртадаги фарқни йўқотди – 5:5.

Кейинги зарбани йўллаш учун тўпга Девид Бекхэм яқинлашмоқда. Англиялик иқтидор эгасининг зарбаси у қадар муваффақиятли чиқмаган бўлса-да, Буффоннинг қўлларига теккан тўп дарвоза устуни аралаш тўрдан ўрин олди – 5:6!
Жавоб тўпини йўллаш учун «кўнгли тўқлар»дан Дель Пьеро келмоқда. Албатта, бу йигит ўн бир метрлик зарбаларни чиройли тепади, бу сафар кўрамиз, унинг услуби иш берармикан? Ҳа, Дель Пьеро ҳам бошқалар сингари жамоадошларини уялтириб қўймади. Кан очиқчасига алданди ва ўртадаги ҳисоб тенглашди – 6:6!

Учинчи серияни «аламзадалар»дан бошлаб бериш учун тўпга ким яқинлашмоқда? Андре-е-ей Шевченко! Олқишланг бу йигитни. Италия А сериясида юрган даврларингни эсла, Шева, Буффон қанчалаб гол еганди сендан! Баракалло, Андрей, ажойиб зарба ва бу зарбани Жанлуиджи Буффон қайтаришга умуман ожиз эди- 7:6. Ҳўш, ким хато қилса ўша кетдими???
«Кўнгли тўқлар»нинг кўнгли тўқ вакилларидан бири Хаби Алонсо тўпга яқинлашмоқда. Испаниялик ярим қимоячи узоқдан кучли зарбалар йўллашини биламиз-у, аммо... Йўқ, у ҳам хато қилмади, Кан тўп йўлланган томонни топса-да, бунақа кучли зарбани бартараф этадиган аҳволда эмасди – 7:7.

Навбат тўртинчи серияга етиб келди. Жерардми, ҳа, Жерард! Пенальтилар баҳсида омадсизлар рўйхатига тушиб қолган англияликлар юлдузи. Ҳўш, бу сафар нима қилади? Ўзини анча йиғиштириб олган ҳолда тепган тўпи... Гол билан тугади. Яна аламзадалар ҳисобда олдинга чиқиб олишди – 7:8. Қойил, бирон бир футболчи хато қилмаяпти-я!!!
Жавоб зарбасини бериш учун тўпнинг олдига Матерацци келмоқда. Отто Рекхагель бундан икки йил олдинги жаҳон чемпионати финалини диққат билан кузатган, шекилли, Зиданни футбол билан хайрлаштириб юборган йигитга жиддий ишонч билдирган кўринади. Италиялик ҳимоячи нима қиларкан? Ҳа, унинг ҳаволатиб тепган тўпини Оливер ҳатто кузатишдан ҳам ожиз эди – 8:8!

Охирги имконият. Агар шунда ҳам томонлар дурангга имзо чекишса, буёғига ким биринчи хато қилишгача ўйналади. Тўпнинг олдига, ваҳ, ваҳ, Жон Терри келмоқда. Жаноби олийларининг ўзгиналари-ю! Ҳўш, Москва финалида сирпаниб кетган бутсаларини алмаштириб келмоқдами, ёки ўша бутса билан атайлаб ташриф буюрганмикан? Нима бўлган тақдирда ҳам Англия терма жамоасининг темир ҳимоячиси «Челси»даги ҳолатидан фарқли равишда рақибидан биринчи бўлиб тўпни тепишга ҳозирланмоқда. Зарба йўлланди. Бу сафар Терри оёғида тура олди ва натижада ҳисоб яна «аламзадалар» томонига ошди – 8:9. Бунақа театр яқин йиллар ичида бўлмаган эди, десам мен билан кўпчилик қўшилса керак!!! Жон Террининг қувончини қаранг, азизлар!
«Кўнгли тўқлар» олдида жуда ҳам қийин вазият вужудга келди. Руҳий устунлик яққол Стив Макларен шогирдлари томонга ўтиб бўлди. Тўпга ким келяпти? Анри!
Пенальти масаласида у қадар ҳам ном қозонмаган юлдузнинг юз-кўзи бизга Николья Анельканинг ЧЛ финалидаги ҳолатини эсга солмоқда. Наҳотки, Отто Рекхагель мана шундай руҳий ҳолатларни ҳисобга олмаган бўлса? Тағин билмадим! Зарба ва Оливер Кан тўпни дарвозага киришига тўсқинлик қилмоқда! «Аламзадалар»нинг ғалабаси!. Тьери Анри, нима қилиб қўйдинг!

«Аламзадалар»нинг қувончи ҳақиқий аламзадаларнинг қувончини эсга солмоқда.
Жон Терри яна йиғламоқда, фақат бу сафар хурсандчиликдан!
Шевченко Евро-2008га бора олмаганидан у қадар хафа эмаслигини изҳор этяпти гўё. Каладзенинг рақсига эътибор беринг! Жерард, Лэмпард, Бекхэм ва заҳирадан туша олмаган Жо Коулларнинг бир-бирини қучаётган ҳолати ҳали кўпгина футбол кўрсатувларини, клипларни безайди! Кан йиғламоқда. Ўзими, йиғлайди-да, футбол билан хайрлашишганига унча кўп бўлмаса-да, дарҳол мана шу жозибали ўйинни соғиниб қолса… Индзаги ва Жилардиньо, Трезеге... Бу нигоҳларни яхшилаб эслаб қолинг, чунки уларни Евро-2008да кўрмаймиз бошқа!

Майдонда ғалати бир аҳволда юрган қизил либосли йигитларни, яъни «Кўнгли тўқлар»ни тушунса бўлади. Улар роса ҳаракат қилишди, аммо фақатгина пенальтилар сериясида ютқазиб қўйишди, холос. Аммо кўнгли тўқларнинг у қадар дод солиб йиғламаётганликларини оддий ҳолат билан изоҳлаймиз. Ҳар ҳолда, олдинда Евро-2008 турибди. «Булар маза қилиб, хурсанд бўлиб олишсин, биз ҳали тинмай ўйнаймиз-ку!» деяётгандек ўзларини ушлаб туришибди.
Энг қизиғи шуки, асаблар беллашувида енгилган бу юлдузлар ўзларини ушлашга мажбурларки, ҳали улар Евро-2008 давомида бир-бирларини шунақа йиғлатишлари керак бўлади. Айнан шулар ўртасида кечади-ку мусобақа!!

Ана шунақа гаплар. Оддийгина якун. Бундан ҳам қизиқарлироқ ўйин бўладими, йўқми Евро-2008да, фақат Худо билади. Аммо шуниси аниқки, биз сизга ҳикоя қилган ғолибларсиз бўлади. Энди ростан ҳам алам қилаётгандир “кимлар қолиб кетяпти мусобақадан?” деб?! Агар шундай туйғу пайдо бўлган эрса, мен хурсандман. Чунки мақолани ёзишимдан мақсадим ҳам шу эди – аламимни қандай тушунтирай экан, деб юрган эдим. Тўқима ўйинни ҳикоя қилиб бўлса ҳам қалбимнинг ич-ичида яшириниб олган аламларимни тушунтира олганимдан жуда-жуда мамнунман.

Шунинг учун ҳам, азизлар, мақоламнинг сарлавҳасини «Фантастик мақола» деб қўйгандим-да!!! Саломат бўлинг. 7 июнда кўришгунча!

Категория: Sport | Просмотров: 1275 | Добавил: hamma | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]