Juma, 17.05.2024, 12:38
Приветствую Вас, Mehmon
Главная » 2008 » Июль » 17 » Limuzin va tug'ruqhona
16:26
Limuzin va tug'ruqhona
Лимузин
***

Туғуруқхона эшиги олдига келаётган лимузинларнинг кети узилмайди. "Мерседес" ва бошқа машҳур русумдаги машиналардан тасвирчи, сураткаш, тўй ёки базмга келгандек ясан-тусанни жойига қўйган аёллар, ота бўлмиш ва унинг жўралари қимматбаҳо совғалар, гулдасталар билан тушишади. Туғуруқхона ҳовлисида улар ёш она билан чақалоқни кутишади. Ниҳоят, улар чиқа бошлагач, тасвирчи ва сураткаш туғуруқхона ичига югуришади. Заррин матоли йўргакларга ўралган чақалоқ ҳар турга солиниб, она-бола иккиси тасвирга олинади.

Деразадан бу ҳолатни кузатарканман, "аҳвол шундай давом этса, тўлғоқдан тортиб то туғиш жараёнларигача "эсдалик учун" тасвирга туширтириб қўядиган одатлар чиқмасайди..." деб ўйга толдим.

Расмиятчиликлар тугагач, қарсаклар остида "қаҳрамонлар" чиқиб келишади: кечагина икки дунё ўртасида жон талашган, юзи синиққан онани табриклаш бошланади; ота бўлмишни ҳам жўралари қучоқлашиб, муборакбод этишади.
Бу манзараларни тепадан томоша қилиб турган аёллар ўзаро суҳбатга киришишади: "Мен ҳам лимузинда чиқаман, эрим қаердан бўлса ҳам топиб келади, туғиб берганимдан кейин арзимабманми?!"; "Мен ҳам эримга лимузин деявериб, яхшигина дакки эшитиб олдим"; "Иккита қиздан кейин ўғил туғиб бераётганим учун ҳам шундай қилдирмасам!.."
Ўзимча пичирлайман: "Аёлларимизга нима бўляпти ўзи?! Қандай орзулар билан яшашяпти? Берилажак фарзандлар хоҳ қиз, хоҳ ўғил бўлсин, ёлғиз Парвардигор изни-иродаси билан бўлишини наҳотки унутишса?.. Наҳот айни бу оғир кезларда улар ўз тақдирларини, фарзандлари ҳаётини ўйламасдан, ярим соатлик дабдаба оғушида келажакка разм солишса? Тўлғоқ осон кечиши, фарзанд саодати учун Аллоҳ таолога дуо қилиш ўрнига, бу бачкана ҳолатларни орзулаш... Қалбларимизни шунчалар ғафлат босганми?"
Маълум бўлишича, ижарага ёлланаётган лимузин ва мерседеслар учун соатига эллик доллардан икки юз долларгача, ҳатто ундан ҳам ортиқ ҳақ тўланар экан. Кундан-кун урф бўлаётган бундай дабдабалар кимга ва нимага керак? Бу нарса бизнинг орзу-ҳавасларимизми? Агар шундай бўлса, бу каби истакларимиз бизларни нималарга етакламайди дейсиз?! Бундай дабдабаю машмашалардан кимнингдир қалби қувонса, яна кимнингдир кўнгли озор топади-ку. Туғуруқхонада бир қанча аёллар фарзанд умидида йиллаб даволаниб ётишади. Барчасининг кўнгли ярим, дили маҳзун. Улар фарзандларини кўз-кўз қилиб, данғир-дунғур билан кетаётган аёлларга қараб ўкинмайди, йиғламайди, эзилмайди дейсизми?! Ўзим бир қанчасининг ёстиққа юзини босиб йиғаганига гувоҳ бўлдим. Алам зўридан дод солиб: "Мендан барча дунёни ол, Раббим, фақат, мени тирноққа зор қилма!" дея нола чекаётганлари қанча.
Ҳамма нарсанинг меъёри бор. Аммо кўпчилик бу дабдабаларни "янги меҳмоннинг ҳурмати" деб изоҳлашади. Ҳурмат бошқача бўлса, яъни, бир неча кунлик, ҳатто ойлик фойдали ишлар билан бўлса, яхши эмасми?! Жумладан, сизу бизга қувонч ҳадя этган она-болага яхши парвариш, яхши дам олиш, яхши емаклар бериш, яхши кийим ва совғалар қилиш. Бу ҳурмат эмасми? Меъёрини билсак, ўша бир кунлик дабдабага кетган пул, иншааллоҳ, бир йилга етади.
Анчайин урфга айланиб улгурган бу каби салбий ҳолатлар учун кўпроқ аёлларимиз масъул. Бундай ортиқча сарф-харажатлар ўрнига турмушга узатилаётган ёхуд узатган қизларимизни оналикка тайёрлаш, саришта аёл бўлишлари учун замин ҳозирлашимиз айни муддао эмасми?! Турмушга узатилаётган қизларимизнинг маънавий тарбиясини пухта қилсак, олдимизда турган бир қанча муаммоларга ечим топиларди.
Қанча-қанча вақтимизни беҳуда ишларга сарфлаганимиз боис энг зарур ишларимизга ҳам вақт тополмай қоламиз. Қизларимиз ҳозирги кун санъаткорлари ҳаётини, либослар модасини, телесериаллар қаҳрамонларининг тақдирини миридан сиригача билишади. Уларга тақлид қилишади. Аммо оддийгина ахлоқ-одобдан маҳрум, рўзғор сирларини билишмайди. Дунё матоҳларига берилиб кетганимиздан қалб тарбиясини унутганмиз. Жисмимизни, кўзларимизни "тўйдириш" учун тиним билмаймиз, руҳиятимиз қашшоқлашиб бораётгани билан ишимиз йўқ. Зийнатсиз қалбда ўткинчи дунёнинг маънисиз орзу-ҳаваслари урчийди. Бу ҳол жамиятга ҳам таъсир кўрсатади. Аёлларимизнинг: "У қилганида, мен қилолмайманми?"; "Ундан нимам кам?"; "У қилди-ю, биз қилмасак, қизимизнинг кўнгли ўксийди, қайнона-қайнотаси олдида юзимиз шувут бўлсинми?"; "Биринчи неварамиз учун қилсак қилибмиз-да!" қабилидаги "оқловлари" эрларни тобора кўпроқ пул топишга мажбур қилади. Бу мажбуриятлар остида минг қийинчиликлар билан пул топиб, аёлларимиз, қизларимиз "интиқиб кутган" кунга "лимузин"у "мерс"ларни муҳайё қилишади. Бундай истакларимиз вақт ўтиб ўз-ўзидан урфга, урф эса залолатга айланади. Гуноҳга ботиради. Кичик-кичик гуноҳларимиз улкан гуноҳларга сабаб бўлишини унутиб қўямиз.
Азиз, муҳтарама аёлларимиз, бир нарса эсимизда турсин: безатилган "лимузин"у "мерс"лар ҳеч биримизни жаннатга олиб киролмайди, аксинча чиройли амаллар, савоб ишлар эвазигагина у ерга кира оламиз.

Ноила ХОЛМУҲАММАД

 

islom.uz
Категория: Mulohaza | Просмотров: 1558 | Добавил: Administrator | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]