Juma, 17.05.2024, 12:14
Приветствую Вас, Mehmon
Главная » 2008 » Июль » 20 » Mehribone topmadim...
10:05
Mehribone topmadim...
Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим. . A. Навоий.
Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим
Келинг, азиз китобхон, сизга ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган воқеамизни ўзгача бир услуб билан тақдим этайлик. Яъниким, хаёл камерамизни ўрнатиб, унга турли даврларга саёҳат уюштиришга буюрайлик. Шунда кўпгина ҳолатларни аниқ, тиниқ равишда тушуниб олиш имконияти туғилади. Ўта оғир хотимага эга бўлган бул ходиса қалби уйғоқ инсонларга яна бир огоҳлик қўнғироғи сифатида янграса ҳам ажаб эмас.
Воқеалар тафсилотини баён қилишда 22 йиллик масофанинг турли даврларига саёҳат қиламиз ва ходисалар риштасини ушлаб турган асосий ипни топишга уриниб кўрамиз. Бу уринишимиз мобайнида ҳар хил инсонларга – фариштасифат ва шайтонсифат кишиларга йўлиқамиз. Уларнинг ички дунёси билан танишамиз. Ўзимизга ибратлар оламиз ва асосийси, Мир Алишер Навоий ҳазратларининг “Меҳрибоне топмадим” демиш сўзларини чин маънода тушуниб оламиз. Асрларни-да бир четга суриб ташлаган буюк калималар ичига яширинган сирдан воқиф бўламиз.

Ушбу қиссамни менинг таълимотимга катта туртки  бўлган инсонлар – катта  бобом Ҳамидхон эшонга ҳамда опододам Комолхон эшоннинг руҳларига бағишлайман.

***

1989 йил. Мактаб. Ташқариси бизга умуман дахлдор бўлмаган манзаралар билан тўлган. Асосий ходиса 7а- синф болалари тўпланган хонада рўё беради. Юз кўзидан адабиёт ўқитувчисилиги яққол сезилиб турган Шохиста шогирдларига Алишер Навоийнинг бир байтини мутолаа қилиб, тушунтиришга уринади:

- Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим,
Жон басэ қилдим фидо, ороми жоне топмадим.

Биласизларми, болалар, бу байт аслида бугунги кунда «Навойининг пайтида коммунизм йўқ эди, шунинг учун ҳам инсон меҳр кўргузиб, меҳрибонлик топмаслиги мумкин эди», деб шарҳланади. Аслида, ҳазрат Навоий бу ерда бошқа нарсани назарда тутганлар. Инсонларга меҳр кўргузиб, улардан меҳрибонлик топа олмаслик ҳар бир даврга хос. Ҳар доим шу қоида ишга тушади. Одамлар меҳрга хиёнат билан жавоб беришади.

Кўзлари ёниб турган бир бола бирдан ўқитувчининг гапини бўлиб савол беради:

- Унақада нима қилишимиз керак? Меҳрибон бўлмайликми?

Ўқитувчи бироз ўйланиб жавоб беради:

- Йўғ-э, болажоним. Асло. Навоий бобомиз бизга «Меҳрибон бўлмаларинг» демоқчи эмаслар. Балки «Одамлардан меҳрибонлик қайтмаса ҳам, меҳр кўргизавер, одамларга яхшилик қилавер, бу ишинг билан сен улардан яхшилик келишини умид қилма», демоқчилар, холос.

Боланинг юзида табассум аломати пайдо бўлади. Унинг бу нигоҳидан жавобдан қониқиш ҳосил қилганини ўқиб олиш мушкул эмасди.

***

1997 йил. Тошкентдаги Чилонзор тумани Суд зали. Одамлар гавжум. Ҳаммани ўйлатган масала битта: “Бўлиши мумкин эмас! Нима бўлган экан-а, бунақа бола эмасди-ку?!”
Суд залида айбдор сифатида турган йигит эса бу ҳолатларга деярли бепарво эди. Уни на ўйлар ва на одамлардаги ҳайрат ўйлатарди. Қотиб қолган кўзларини бир-бир юмиб қўйишини ҳисобга олмаганда, унинг юзидан ҳеч қандай маънони ўқиб бўлмасди.
Ҳамма суд ҳукмини кутмоқда.

Залга кириб келган инсонлар йигитнинг нима иш учун шу ерга келганини эълон қилишади:

“Ҳакимов Алишер. 1975 йили Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида туғилган. Тарбияли, зиёли ва фаросатли оила вакили. Бироқ, у бугун ўз онаси бўлмиш Ҳакимова Назирани бўғиб ўлдирмоқчи бўлганлигида айбланмоқда. Биздаги маълумотларга кўра, Ҳакимов Алишер онасига ташланган маҳали бир неча қўшнилари дод-фарёдни эшитишган ва онани фарзанд чангалидан қутқариб олишган. Алишер шунингдек, суд залига ташриф буюрган хоним – Лайло Хотамовани зўрлашда айбланади. Тергов давомида айбланувчининг сўнгги пайтларда наркотик моддалар билан шуғулланганлиги ҳам маълум бўлди.
Биз бугун Алишернинг таниш, ёр-биродарларини ана шу жуда ҳам чигал ва ҳамма-ҳаммани ажаблантираётган ишнинг асл сабабларини ўрганиш учун таклиф этганмиз”

Китобхонлар билан келишиб олганимиздек, хаёл камерасини ушбу залдаги энг асосий шахс, судланувчининг онаси Назиранинг кўзларига олиб келтирамиз. Нигоҳларини ўқишга ҳаракат қиламиз. Юм-юм йиғлаётган онаизорнинг қалбига қулоқ солишга уринамиз ва... бирданига шу кўзлар орқали 22 йиллик масофани ташкил этадиган узоқ ўтмиш томон сайр этамиз. Оқ-қора тасвирдаги воқеаларни ўрганиш асносида суд залидаги ҳолатларга ойдинлик киритамиз.

***

1975 йил. Куз. Тошкент. Пастқам уйлар оралаб, эски маҳаллалардан бирига кириб борар эканмиз, бир хонадондаги суҳбат эътиборимизни тортади. Сўрида оила аъзолари ўтиришибди. Келин бўлганига анча бўлган, бироқ худонинг тақдири билан фарзанд кўролмаётган Назира ва унинг эри Салим оила аъзолари - қайнона ва қайнисингиллар билан суҳбат қуришмоқда. Суҳбатнинг мавзуси бориб-бориб аламли нуқтага бориб тақалади.

- Болажонларим, мен сизларни жуда яхши кўраман, - деди бирданига қайнона. Аммо сал ўйланиб туриб эҳтиёткорлик билан масалага ёндошди. - Келинимни қиз ўрнида кўраман. Буни биласан, Салимжон. Аммо...

- Ойижон, худо хоҳласа, фарзанд беради. Эндигина икки ярим йил бўлди.

- Тўғри-ку-я...

Назира ўрнидан туриб кетишга шайланди. Эри уни тўхтатиб овутган бўлди:

- Тўхта, Назира. Бугун ҳаммасини очиқ ойдин қилиб олайлик. Мени яхши кўрасанми?

- Қўйсангиз-чи, Салимжон ака.

- Йўқ, Назира, ҳамманинг олдида айтасан: Ё йўқ, ё ҳа!

- Ҳа.

Бу ҳолатни бошлаб қўйганига ҳижолат бўлган қайнона дарҳол оловни ўчириш учун ўртага тушди:

- Болажонларим, бир-бирингларни яхши кўришларингни жуда яхши биламан. Лекин фарзандсиз яшаб бўлмайди. Мен сизларни ажрашларинг, демоқчи эмасман. Фарзанд олсаларинг бўлмайдими?

Дангалига айтилган сўзлар негадир бу сафар ҳаммага маъқул тушди. Қалбларни тирнаб ётган муаммони барибир бир кун келиб ҳал қилиш керак-ку, ахир!

Уч ойгача бу мавзу суҳбатларда такрорланмади. Аммо ўша кунги таклиф ёш келинни ҳам, Салимни ҳам ўйлатиб келаётган эди. Шу боис бўлса керак, тун чўккан маҳал эр-хотин ўртасидаги суҳбатда бола олиш масаласи яна кўндаланг қўйилди.

- Нази, хўв анов куни ойимла бир масалани айтувдила, эсингдами?

- Нимани?

- Бола олишни. Балки, ўйлаб кўрармиз?!

- Одамлар гапиришади-ку.

- Одамлар бола олмасак ҳам гапиришади. Ўзинг кеча дўхтирдан эшитдинг-ку: «Агар фарзанд кўрмоқчи бўлсаларинг, ажралишларинг керак», деди.

- Қайдам...

***

Салим туғруқхонага келавериб тинкаси қуриди. Ниҳоят, яқинда туғилган жажжи чақолоқни олишга кўндирди дўхтирларни. Севгилисини ҳурсанд қилиш ниятида шоша-пиша келар экан, ич-ичидан: “Ишқилиб бугун югуртирмасин-да!” дерди.
Ҳайрият, қоғозбозлик маросими тугаганга ўхшайди, шу бугун бола бериладиган бўлди.
Назира узоқдан катта врач билан суҳбатлашаётган эрини диққат билан кузатмоқда. Унинг қалбини ҳам гўдакни бағрига қучиш орзуси банд этган.
Кўзларида ҳаяжон.

Салим Назирани чақирди. Назира ичкарига кириб кетаётган эрининг ортидан йўл олди. Ичкарига киришгач, эри хотинга ўша чақалоқ узатилди. Фарзанд ҳидини биринчи марта ҳидлаётгандек бахтиёр оила вакиллари чақалоқни роса кузатишди, бир-бирларига бериб кўриб чиқишди.

- Нази, мана шу болани айтгандим. Қара, чиройли-я...

- Кимнинг фарзанди экан, суриштирдингизми?

-Ҳа, албатта. Отаси ўлган экан. Онаси боқа олмаганидан, жуда ҳам камбағаллигидан бизга беришга қарор қилибди.

- Агар унақа бўлса, кейинроқ даъво қилмайдими? Фарзандим маники деб туриб олмайдими?

- Йўқ. Мен унга сўраган пулини бердим. У бирор бир марта боласи билан учрашмасликка ҳам рози бўлди. Биз,  - деди эри чақалоқни кўрсатиб туриб, – унга яхши тарбия берамиз ва ота-онаси ўзимиз эканлигимизни айтамиз. У онаси бошқа эканлигини билмайди, худо хоҳласа.

- Онаси тирик бўлиб туриб, билмай ўтадими?

- Бунинг ёмон томони йўқ. Яхшиликнинг йўлини ёмонлик билан бўлса ҳам кенгайтир, дейишган.

- Гапга устасиз-да, Салимжон ака. Эплай олсак, қандоқ яхши бўларди...

- Эплаймиз, сен билдириб қўймасанг бўлди. Бардам бўл, Назира!

Хаёл камераси билан ушбу манзарани озгина кузатамиз-да, бола билан уйга қайтаётган эри хотинининг орқасига тушиб оламиз. Аммо бизнинг камерамиз хонадан чиқиб кетаётганимизда парда ортида йиғлаётган бир аёлни ҳам суратга туширишга улгуради. Бу ҳолат кейинчалик асқотишини ҳисобга олиб, уни ҳам сақлаб қоламиз. Ўчириб юбормаймиз. Аёл кўзидан чақалоқнинг онаси эканлиги билиниб турарди.

Эр-хотин кўчага чиқиб врачга миннатдорчилик билдиришди ва уйга йўл олишди. 70-йилларнинг кўзга кўринган автомобилида гўдакни қучган ҳолда кетаётган Назира ва Салим ўзларини дунёдаги энг бахтиёр кишилар каби ҳис қилишарди. Шунчалик ҳурсанд эдиларки улар, уйга боргач ҳам болани эркалашда давом этишди.

***

Энди бошқа манзара. Олдинги уйдан яққол фарқи сезилиб турган хонадон. Оила аъзолари яна дастурхон устида ўтиришибди.

- Ойи, бир фарзанд деб Тошкентнинг у четидан бу четига кўчдик. Ўзимизча қўшнилардан қўрқдик. Қариндошлар-чи. Қариндош деганидан бошқа мамлакатга кўчиб ҳам қутилиб бўлмайди-ку.

- Қўявур, ўғлим. Бола ақлини танигандан кейин ҳақиқатни билса хафа бўлмайди. Кейин, қариндош душманлик қилмайди, деб ўйлайман.


***

... Суд зали. Боланинг нигоҳи қаҳрга тўлган. У ўқилаётган ҳукмдан норози турибди. Музиканинг остида элас-элас: «Ҳакимов Алишер икки кун илгари қўшниси – Халима аяга ҳам ташланиб қолган. Унинг бу хатти ҳаракати ҳаммани ҳайрон қолдирган. Чунки у олдинлари умуман бошқача эди. Ҳаммага меҳрибон, раҳмдил...» деган сўзлар эшитилиб турарди.
Яна онанинг нигоҳи. Онаизор кўзида мунг билан яна ўтмишга сайр этади:

1982 йил.
Назира шоша-пиша етти ёшли боласини мактабга кийинтирмоқда. Кийинтириш жараёнида бола билан кечган суҳбати қалбларни ҳайратга солади.

- Алишер, ҳозир қаёққа кетамиз?

- Мактабга, аяжон!

- Мактабда нима қиламиз?

- Болалани кўрамиз.

- Кейин нима қиламиз?

- Марожний еймиз.

- Вой, дарсни ким қилади?

- Олдин марожний еймиз, кейин дарс қиламиз.

- Хўп, асалим. Санга адэйла роса кўп марожний обералла. Фақат сан яхши бола бўлишинг керак. Ўқишинг керак. Сани отингни нимага Алишер қўйганмиз, биласанми?

- Биламан, бувим этганлар: Алишер Навоийга ўхшагин деб!!!

- Алишер Навоийга ўхшаш учун нима қилиш керак?

- Мактабга бориш керак…

- Мактабга бориш керак, кейин яхшилаб ўқиш керак. Ҳаммага салом бериш керак.

Бола бирдан онасига савол бериб қолди:

- Ая, ая. Ман Алишер Навоийга ўхшайманми?

- Роса ўхшайсан. Ҳали мактабга борганингдан кейин болалар сани яхши кўриб қолишади: “Вой, манбу болани, Алишер Навоийга ўхшар экан», деб.

- Болалаям билишадими Алишер Навоийни?

- Ҳа, Алишер Навоийни ҳамма билади.


Она-бола мактаб эшигига етиб келишди.

- Бўпти, Алишер, мана хонангга ҳам етиб келдик. Дарсга ўзинг кирасан.

- Кутиб турасиз-а, ая. Ман уйга ўзим боролмайман-ку.

- Қачондир сани ташлаб кетдимми?


Бола югуриб дарсга кириб кетди. Дарсдаги ҳолатлар ҳам бу боланинг етук шахс бўлиб вояга етишига далолат қилади. Ҳарф ўргатаётган ўқитувчи болалардан сўрайди: 

- Болажонлар, «А» ҳарфини биринчи бўлиб ким ўқиб беради?

Алишер қўл кўтарди.

- Ие, Алишержон, алифбенинг биринчи харфини ўзинг ўқиб берасанми? Исминг ҳам “А”дан бошланишини биласанми?

Бола беҳосдан жавоб берди:

- Мани исмим Алишер Навоийники. Бувим Алишер Навоийга ўхшасин, деб қўйганлар. Ман котта бўлсам Алишер Навоий бўламан.

- Йўғ-э, роса зўр йигит экансан-у. Алишер Навойи, қани доскага чиқинг-чи...


***

Суд зали... Алишер ҳақида гапирилаётган сўзлар бир инсоннинг икки юзи бўлиши ҳам мумкин эканлигини очиб беради:

“Алишер ёшлигида жуда яхши бола эди. Ота-онаси зиёли кишилар бўлгани учун, мактабда ҳам аъло бахоларга ўқиди. Унинг йиллар ўтиб онасини ўлдиришга қасд қилишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтира олмасди. Ким у ҳақда гувоҳлик берса, фақат яхши гувоҳ берарди”.

***

1988 йил. 4-5та бола мактабдан қайтишмоқда. Уларнинг суҳбатига яқинроқ бориб қулоқ соламиз:

- Алиш...

- Ман санга неча марта айтганман, мани отим Алиш эмас, Алише-е-е-р! Тушундингми?

- Бўпти, бўпти. Алишер. Сан мунча адабиётга қизиқасан? Манга расм дарси ёқади.

- Адабиёт дарсига бувимла қизиқалла. Нуқул манга шеърлар, ғазаллар ўқиб берадила. Ёшлигимдан «Сан Алишер Навоий бўлишинг керак» деб уқтириб келадила. Лекин Навоийнинг шеърларини кўп ҳам ўқиб бермайдилар. Ўзларининг айтишларича, Алишер Навоийни тушуниш жуда қийин экан. Ман котта бўлсам, одамларга тушунтириб беришим керак экан. Шунақа!

- Вой-бў. Сан Навоий бўласанми? Навоий подшони саройида яшаган. Сан бўлса, битта ховлида турасан.

- Жиннимисан? Навоий подшонинг саройида яшагани учун зўр шоир бўлмаган. У мактабда яхши ўқиган, дарсларни яхши қилган, шунинг учун зўр шеърлар ёзган.

Болалардан бири гапга қўшилди:

- У мактабда ўқимаган, мадрасада ўқиган.

- Нима фарқи бор? Иккаласи ҳам «ма» деб бошланади.

Ҳамманинг кулгуси янграйди.

***

Кичкина Алишер уйида бувиси билан гаплашиб ўтирибди.

- Бувижон, бугун ўқитувчимиз Алишер Навойини «Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим» деган шеърини ўқиб бердилар. Биза тушунмовдик, тушунтириб бердилар.

-- Хўп, хўп, болам. Нима деб тушунтириб берди?

-- Ман қўлимни кўтариб, сўрадим: “Яхшилик қилган одам меҳрибонлик топмайдими?” деб. Ўқитувчимиз зўр тушунтирдилар.

- Хўш, нима деб тушунтирди?

- Яхшиликни одамлардан яхшилик қайтсин, деб қилиш керак эмас экан. Одамлардан яхшилик қайтса-қайтмаса, яхшилик қилавериш керак экан. Алишер Навоий шуни тушунтирмоқчи бўлиб, «меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибонлик топмадим» деган эканлар. Ман одамлар меҳрибон бўлмасалар ҳам яхшилик қилавераман, дегани экан.

- Ўқитувчинг ажойиб инсон экан. Шу пайтгача манн ҳам тушунмас эканман бу шеърни. Эртага бориб, мани номимдан ҳам раҳмат деб қўй. Хўпми?

- Қўйинг, буви. Ман бориб, «бувим сизга раҳмат дедилар» десам, ўқитувчимиз «нега» дейдилар. Кейин ман «бувим ман шеърни билмас эканлар, сиз манга айтганингизни айтувдим, улар ўша шеърни тушуниб қолибдилар» десам, кулмайдиларми: «бувингни ҳам буёққа олиб кел, дарс олсин» деб.

- Бориб дарс ҳам олаверамиз. Нима бўпти. Алишер Навоийнинг ғазалларини тушуниш учун 7-синф болалари билан бирга ўтириб дарс олишга ҳам тайёрман.

Бола хаёл суришни бошлади. Хаёлида: мактаб, адабиёт дарси. Болалар ва орқа партада бувиси мактаб кийимида ўтирибди. Шунда бирдан ўзига келиб:

- Буви, буви, ман ўқитувчимга айта олмайман. Сиз болалар билан ўтиришга уялмасангиз, ман уяламан.

Бувиси кулиб қўйди. Неварасининг бошини силади. Пешонасидан ўпиб қўйди.

***

Суд зали... Яна ўша овоз эшитилади:

“Алишер ёшлигида жуда одобли бўлганидан, унга кейинчалик Навоий деган лақаб ҳам қўйиб олишган. Гувоҳларнинг айтишича, агар Алишер онасини буғишгача борган бўлса, инсониятни бирор бир адабиёт, шеър ёки ғазал қутқариб қола олмас экан”.

Алишер курсида узоқ ўйга чўмиб ўтирар, энди-энди унинг кўзидан нимадир ўқиш мумкин эди. Унинг отаси Салимжон ҳам мушкул бир ҳолатга тушиб қолганди. Унинг кўзлари ғамгин, нафрат билан боласига қараб турарди. Оқ қора тасвир унинг кўзига кириб кетади:

“1990 йил... Алишернинг бувиси қазо қилди. Жаноза. Одам тумонат. Яхши одамнинг жанозасига ҳам кўп одам келади. Асосийси, кўпроқ яхши одамлар келади. Шу пайт кимнингдир хаёлига кичкина Алишерни кампирнинг тепасига олиб кириш кераклиги келиб қолади.

- Кўриб қол бувингни охирги марта, - деди аммаси болага.

Кичкина Алишер секин уйга кирди. Қўрқа-писа ўликнинг юзини очди:

- Бувижон... Ман сизни яхши кўраман. Рози бўлинг.

Ташқарида эса икки киши гаплашиб турарди:

- Алишерга қара. Жуда ҳам босиғ-а. Баъзида катта ёшлилар бунақа пайти ўзларини ушлай олишмайди. Бувисининг таълимини олган-да, барибир.

Бола ҳамон бувисининг олдида индамай йиғларди:

- Бувижон, сиз мани қанақа яхши кўрган бўлсангиз, манам сизни шунақа яхши кўраман. Яхши кўрганимни исботлаш учун Алишер Навоий бўламан. Сиз ҳар доим мани шунақа бўлишимни орзу қилгансиз. «Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим». Сиз манга роса кўп яхшилик қилдингиз, кўп нарсаларни ўргатдингиз, шунга яраша яхшилик кўрасиз. Ваъда бераман, бувижон. Ўзингиз айтганингиздек, қабрингиз тепасида уввос солиб йиғламайман. Яхши йигит бўламан.

Шу сўзларни чин дилдан айтар экан, Алишер бундан бир неча куни бувижони билан охирги марта суҳбатлашганини эслади. Ўшанда у бувисидан қуйидаги сўзларни эшитган эди:

- Болам, бир кун ман дунё билан хайрлашаман. Бу дунё билан ҳамма хайрлашади. Искандар шоҳ дегани ўтган. Бутун дунёни босиб олган бўлса ҳам, бир кун ўлган. Унинг қўлини тобутдан ташқарига чиқариб қўйишган.

- Нимага?

- Қўлим очиқ кетаётганини кўриб қўй, ҳалойиқ, демоқчи бўлган.

- Қўли очиқ кетса, нима қипти?

- Э, болам-э, чалғитиб юборасан-да одамни. У роса бой бўлган. Бой бўлсам ҳам, у дунёга ҳеч нарса олиб кетмаяпман, дейиш учун шунақа қилган.

- Ростан ҳам у дунё борми, буви?

- Бор, ўғлим.

- Бизага бошқача дарс ўтишади.

- Алишер, ўғлим. Куз келса, дарахтларнинг барги сарғаяди, кейин тўкилади. Аммо баҳор келиши биланоқ улар яна кўкара бошлайди. Бизнинг ҳам баҳоримиз бор. У дунёни йўқ дегувчилар бу дунёни остин-устун қилишдан нарига ўтишмайди. Чунки улар «ўлсак, ҳаммаси тугайди» деб ўлимларигача нима қилгилари келса, қилиб олишади. У дунё бор, деган одам сал бўлса ҳам кўзи тўқ бўлади, ўзига қўшиб одамларни ҳам ўйлайди.

- Бувижон. Олдин сизга бир шеър айтгандим, эсингизда борми: «Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибонлик топмадим»?! Демак, Алишер Навоий ҳам у дунёни назарда тутган экан-да?

- Балли, болам. Айтаман-у, сандан «гений» чиқади, деб...

Мана шу ҳолатларни хаёлидан ўтказган Алишер бувисига охирги сўзларини айтади:

- Бувижон, сиз жаннатга тушасиз, худо хоҳласа!

***

Суд зали. Алишер ҳақида яна овозлар янграйди:

“Ҳакимов Алишер ёшлигида асосан тарбияни бувисидан олган. Шунинг учун бўлса керак, кўпчилик уни анча вазмин инсонга нисбат қилишарди. Уйдагиларнинг маълумот беришларича, Алишер деярли ҳамма масалада эътиқодли бўлиб ўсган, аммо йиллар ўтиб, 22 ёшга етганида тубдан ўзгариши барчани ҳайрон қолдирмоқда”.

Энди Назиранинг кўзларига назар ташлаймиз. Ўта-ўта ғамгин кўзлар. Унинг кўзлари орқали етти йил олдинги бир ходисани ўқиб оламиз.

“1990 йил.
Хонада жимжитлик. Салим ва Назира ўз ишларига машғул бўлишган. Телевизорда футбол кетяпти. Жаҳон чемпионатининг ҳаяжонли онлари. Бироқ, Салимжоннинг юраги мана шундай ўйинларни ҳам кўтара олмаяпти.

- Нази, биласанми, хаёлимга нима келиб қолди. Алишернинг тарбияси энди бизга жуда оғирлик қилади. Онамлар ҳаддан ташқари уни яхши тарбия қилдилар. Озгина нотўғри гап ишлатадиган бўлсак ҳам, у бизга ҳайрон қолиши турган гап.

- Хўп, нима қилиш керак, дейсиз? Ҳақиқий онасига бериб юбориш керак, дейсизми?

- Йўқ, мен айтмоқчиманки, Алишер бизга бирор бир марта жиддий гап қайтармаган. Боланинг ота-онага гап қайтармаслиги яхшику-я, аммо у ўта тарбияли бўлса ҳам, била олмайсан-да ичидагини...

- Нима демоқчисиз, сал тушунтириброқ гапиринг.

- Онам унга Сожида ҳақида айтганмиканлар.

- Ҳақиқий онасини айтяпсизми?

- Ҳа, бўлмаса, учинчи онасини айтармидим?

- Ҳа, йўғ-а, озгина ишора қилиб ўтган бўлсалар ҳам билардик. Бирон марта Алишер менга ёвқараш бўлиб қараганини эсламайман.

- Тўғри. Лекин онам қандай тарбия беришларини биласан-ку. Олдин ҳаммасини ётиғи билан тушунтириб берадилар. Гапни узоқ-узоқдан, инсонийлик ва қадриятлардан бошлайдилар. Кейин аста секин : «Алишер, болам, сенга бир омонатни етказаман, буни ота-онангга сездирмагин» деб бор гапни айтиб берадилар. Вассалом. Мани ишончим комилки, Алишер бу омонатни ўлгунича ҳеч кимга айтмайдиган бўлиб, индамай юраверади.

- Бўлмаган гап. Биринчидан, бувимлар агар унга бирор нарса айтган бўлсалар, ўлимларидан олдин бизга айтиб кетардилар. Иккинчидан, Алишер унчалик довдир бола бўлмаса керак, битта она уни туққанини эшитса-ю, қизиқмаса у ким экан, деб...

- Балки…

Шунда хонага Алишер кириб келди. Боланинг нигоҳидан қизишиб кирганлиги сезилиб турарди.

- Ада, сиздан битта нарса сўрайман. Ростини айтасизми?

Эр-хотин бир-бирига қаради.

-Нимани сўрамоқчисан, ўғлим?

- Фақат ростини айтасиз?

- Майли, майли.- деди ҳижолатдан юзи қизараёзган ота.

Она ҳам бошини эгиб қолди. Чунки улар ҳозир гаплашиб ўтирилган масала ҳақида савол берилади, деб ўйлашарди.

- Тўғрисини айтинг, ада. Мактабда унча яхши бахоларга ўқимаганмисиз-а?

- Нима?

- Ҳозир кўчадан келаётган эдим, қўшнимиз Ҳалима аяни кўриб қолдим. Қўлларида ул-бул нарса бор экан, кўтаришиб юбордим. Кейин гапнинг ичида мени мақтадилар, мактабда қанақа бахоларга ўқийсан, деганларида, фақат бешга десам, қойил-э, отангдан ҳам ўтибсан, дедилар.

- Хўп, шунақа деган билан отанг ёмон бахоларга ўқибди, деган хулоса чиқмайди-ку.. –деди ота.

- Давомини эшитинг. Ҳалима ая: «болам, барибир сени бувинг тарбия қилгани билиниб туради-да», дедилар. Мен кейин сизни қандай бола бўлганингизни, қанақа ўқиганингизни сўрадим. Хуллас, зўр ўқимаган экансиз. Ўв, эсингиздами, сиз билан дарс тайёрлаганимда манга зўр ўқиганман, ўқитувчилар агар иложи бўлса, сан учун 6 деган бахони ҳам жорий қилиш керак, дегандингиз.

Салижон хотинига қаради. Назира хотиржам ҳолда суҳбатга аралашди.

- Алишер, тўғри, отанг санга ўшанда озгина ёлғон гапирганлар. Чунки сан ўша гап билан яхши ўқишинг, адамладан ҳам зўр бола бўламан, деб тиришишинг мумкин эди.

Алишернинг саволи тўхтамасди:

- Манга бувим умуман унақа демаган эдилар. Бошингга қилич келса ҳам, ёлғон гапирма, дегандилар.

-Алишер, бувилани гапи ҳам тўғри. Сан ёлғон гапирма, сира ҳам ёлғонга ўрганма. Лекин баъзида оталар фарзандларига шундай тарбия бериб туришади, сан ҳафа бўлма!

- Ие, қизиқ экан-у, ўзила ёлғон гапириб, манга ёлғончи бўлма, дейсизларми? Ада...

- Нима дейсан? – деди ҳижолатдан бўладигани бўлиб қолган ота.

- Сиз Ҳалима аядан ҳафамисиз, манга ростини айтиб берганларидан, тўғрисини айтинг.

- Ҳафамасман.

- Нега?

- Чунки Ҳалима ая рост гапирганлар.

- Мана кўрдизми, рост гапирганлари учун сиз улардан хафа бўлмаяпсиз. Манам сизлар фақат рост гапирсанглар, хурсанд бўламан.

Алишер уйдан чиқиб кетди. Эр-хотин бир-бирига қараб қолишди. Жимжитликни Салимжоннинг кутилмаган саволи бузиб юборди.

- Нази, «Ўткан кунлар» деган романни ўқиганмидинг?

- Ҳа, нимайди?

- Ўғлинг, бизани ҳудди Отабекка ўхшаб мот қилиб ташлади-я.

- Қачон мот қилади Отабек ота-онасини?

- Зайнабни олиб беришоқчи бўлганида: «Яхши фарзандларнинг оталари ҳам яхши иш қиладилар, деб ўйлайман» деганида, Юсуфбек ҳожи хотинига «Сен гапир-э» деб юборади. Ўқиганмисан, ўзи?

- Ўқиганман, аммо эсимда йўқ.

- Шунақа жойини ҳам эсдан чиқариш мумкинми?

- Сизга нимаси ёқди бу жойни?

- Иккинчи хотин олиб беришгани учун – деб қўрсроқ жавоб берди Салимжон.

- Ҳа-я, сиз менимча, Зайнабхонни олиб, ҳақиқатан ҳам фарзанд кўрармидик, демоқчисиз, тўғрими?

- Бўлди, сал ҳазиллашса, жиддий бўп қоласан-а?

- Йўқ, мен ҳақиқатни айтяпман. Ростан ҳам ўшанда сизга иккинчи хотин олиб беришни таклиф қилишганда рози бўлармидингиз?

- Йўқ!

- Нега, адаси?

- Чунки мен «Ўткан кунлар»ни жуда яхши ўқиганман ва сен ҳам бемалол Зайнабнинг ролини ўйнаб беришингни биламан.

- Нега энди, заҳарни Зайнаб берган, у иккинчи хотин бўлади. Мен эса биринчиман.

- Хой, биринчихон. Замонлар ўзгарган. Энди индамай турадиган Кумушлар ўрнига иккинчисини тинчитадиган Кумушлар туғилган. Зайнаблар эса довдир, заҳар бериш ўрнига заҳар ичиб, ўлиб қўя қолади...

- Бўлди қилинг, энди. Индамаса. Мисолларингиз умуман мос тушмаяпти. Алишерни Отабек дедингиз, кейин ўзлари Отабек бўлиб қолдилар. Мени Кумуш дедингиз, мен заҳар бердим. Айтганча, Зайнабхон Ким ўзи?

- Қирққа кирган чолга тегаман деб узун очерт бўлиб кутиб турибди Зайнаблар. Санам бўлди қил, манам. Ундан кўра, Алишерга умуман ёлғон гапирмаслик ҳақида келишиб олайлик. Кўряпсан-ку, онамлани тарбиясидан кейин жуда оғир иш қолиб кетганга ўхшайди бизга.

Кейин Салимжон бошини ушлаб олган кўйи нидо қилди:

- Онажон, бизга жуда оғир ишни ташлаб кетганга ўхшайсиз. Алишерни ростан ҳам Навоий қилмоқчи бўлгансиз, шекилли...

***

Суд зали. Алишер ҳақидаги маълумотлар давом этади:

“Алишер Ҳакимов ёшлигида дўстлари билан ҳам иноқ бўлган. Пулдор йигит бўлишига қарамай, дўстларини ёмон йўллардан ҳам тўсиб турарди”.

Хаёл камерамиз орқали залда ўтирган навбатдаги қаҳрамон – Равшаннинг нигоҳига ҳам бир кириб кўрамиз. Унинг кўзи орқали ўтмишга сафар қилинади.

“1991 йил. Мактабнинг орқасида болалар наша ўрашмоқда. Алишер уларнинг даврасига Равшанни ахтариб келди.

- Алиш, ке, қалайсан?

- Яхшиман. Равшан, юр, санда ишим бор. – деди Алишер дўстига қараб.

Бошқа болалар яна Алишерга мурожаат қилишди.

- Ў, санга айтвомман. Одамни менсимайсан-а.

- Нимангни менсишим керак, қилаётган ишингни қара.

- Санга ҳалақит бервомманми, ў, туршак! Қачондан бери манга маслаҳат берадиган бўлиб қолдинг. – ўрнидан турди ҳалиги йигит.

Жанжал кўтарилиши мумкин бўлган ҳолатда ўртага Равшан аралашди.

- Бўлди қилларинг. Юр, Алишер.

- Алишер Навоий – деди болалардан биттаси. -  Буюк ёзувчи!

Равшан унга қарата:

- Мактабни ҳам қотириб ўқигансан-да! Навоий шоир бўлган, - деди.

- Равшан, сан манга ўқитма-де, яхшиси, қадрдон дўстингдан бир шеър ўқиб беришини сўра. Бир маза қилайлик биз ҳам.

Алишер орқага бурилди:

- Юр, Равшан, санда ишим бор.

Равшан билан сал нарига ўтишди. Алишер дўстига пичирлаб шундай деди:

- Ман санга жавоб бермайман. Уч-тўрт марта айтдим, буларга қўшилма, деб. Наша ўрашни ўрганиб олдингми? Қалай экан?

- Пичинг қилма, ошна. Санжар яхши бола-де, бўлмаса қўшилмасдим.

- Санжар ҳам, унинг ҳамтовоқлари ҳам одам бўлмайди. Агар сан уларга қўшилсанг, санам ўлиб кетишинг аниқ.

- Мунча, қўрқитмасанг. Ман чакмаяпман.

- Кимни жинни қиляпсан. Шунча ўтирасан-а, қизиқиб бўлса ҳам чакиб кўрмайсанми?

- Йўқ, ўлай агар, чакмадим.

- Хўп, майли, чакмадинг ҳам дейлик. Лекин яна икки кундан кейин чакасан. Бошқа йўлинг қолмайди. Бўпти, ошна, ман сани кинога олиб бориш учун келгандим.

- Қанақа кинога?

- «Чайка»га «Кинг конг» деган кино кепти, американский. Битта маймун ҳақида.

- Ҳа, эшитдим, билет олиш қийин дейишяпти-ку.

- Ман олиб бўлдим. Буёғини манга қўйиб бер.

- Бўпти, розиман, ҳозир, анавилар билан хайрлашиб келай.

Равшан ўртоқларининг олдига югуриб кетди:

- Болала, бўпти, ман кетдим. Алишер мани кинога таклиф қиляпти. Кейинроқ учрашармиз.

-Нима, кинога? У ўғилболами ўзи? Нимага қизларни эмас, сани таклиф қилади.

- Ўзи сал адабиётчироқ. У билан кинога тушсанг, маза қиласан. Нималарнидир тушунтириб берадими-э.

Даврадаги болаларнинг энг каттаси Равшанга шундай деди:

- Равшан, бўпти, у билан кинога бориб кел. Лекин сал авраб кўр-чи, бизани даврага қўшиладикан?

- Қўшилмайди? У бошқача тарбия олган.

- Ундан зўрларини кўрганмиз. Ҳозир бизага наша олиб келишади ўшала...

- Йўқ, ўзим келсам ҳам Алишерни буёққа олиб келмайман.

- Олиб келсанг яхши бўларди – деди каттаси. Кейин ўйланиб туриб қўшиб қўйди,  - Зўр бўларди-де, отасини ҳам бой дейишади. Нашадан проблема бўлмасди бизага…

Равшан қўл силтаб кетди:

- Йўқ, Алишнинг ўзи хоҳлаб қолса ҳам, мен бунақа даврадан уни тортиб оламан.

Равшан кўздан ғойиб бўлгач, ўша «катта» ғўлдирашда давом этди:

- Вой-бў, фидойиликни қара. Олдин ўзингни тортиб ол, кейин бировни чиқариб оласан. Икки марта тортиб, бизага хира пашшадек ёпишиб олдик-у...

Категория: Adabiyot | Просмотров: 2941 | Добавил: Administrator | Рейтинг: 3.0/2
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]