Яқинда уяли телефонимга бир SMS келди, Унда ушбу
SMSни Мадинаи Мунавварада Пайғамбар (с.а.в.)нинг равзаи мутаҳҳаролари
қоровули шайх Аҳмад юборгани ва бутун дунёга ушбу SMSни тарқатиш
кераклиги айтилган. Кимда кимга ушбу хат етиб борса, уни ўн кишига
юборса, Аллоҳ унга ризқини кўпайтириб бериши айтилган. Масалан,
«Бомбейда Камол деган киши ушбу SMSни ўн кишига юборган экан, Аллоҳ
унга 25 минг доллар насиб қилибди. Бошқа киши унга аҳамият бермаган эди
ўша куни боласини йўқотди» дейилган. Хуллас, кимга ушбу SMS етиб
борса-ю, у тарқатмаса, мусибатта дучор бўлиши айтилган.
Бу хатга нима дейиш керак ва бундай ҳолатда нима тавсия қилинади?
Бу каби мактублар ҳақида кўп бор савол берилган.
Қолаверса, бундай муаммолар бугуннинг маҳсули эмас, анчадан бери
кузатилиб келинади. Асоссиз бу мактубларни уйдирма номлар билан аталган
инсонлар тарқатишяпти. Аслида келган мактубдаги шайх Аҳмад ҳам уйдирма
исм эканлиги маълум бўлди. Бу вазифани шайх Аҳмад деган киши қилмаган.
Ҳатто Мадинада бундай хабарни ҳеч ким эшитмаган ҳам. Лекин бошқа
мусулмон ўлкаларида шундай ёлғон хабар урчиб бормоқда. Диний нуқтаи
назардан олиб қараганда ушбу мактубда баён этилган хабарнинг ҳеч қандай
қадр-қиймати йўқ. Баъзи хабарларда шайх Аҳмад тушида Пайғамбар
(с.а.в)ни кўрибди, Пайғамбаримиз уни қиёмат яқин қолди, деб
огоҳлантирибдилар ёки шунга ўхшаш маънодаги хабарлар тарқатилган.
Аслида қиёмат яқин қолганини Қуръони каримда ҳам ҳадисларда ҳам очиқ
ойдин айтиб қўйилган, унга шайх Аҳмад ёки бошқа бировнинг васият
қилишига хожат йўқ. Динимиз мукаммал шаклда бизгача етиб келган.
Мажҳул, кимлиги номаълум шахсларнинг васиятига ҳечам ҳожатимиз йўқ.
Кўриниб турибдики, бу ва бунга ўхшаш мактублар мусулмонлар ўртасида ҳар
хил тушунмовчиликни авж олдириб, таҳдид қилмоқда. Агар мактубни
тарқатмасангиз, мусибат етади, деб қўрқитибди. Қуръони карим ва
ҳадисларни ўқиган киши бу каби хатни ёзиб тарқатиш лозим, акс ҳолда
мусибат етади, деган гапга ишонмайди, Исломни тўғри тушунган, ақлли
мусулмон бундай ёлғончи мактубларни тарқатмайди.
Фалончи шундай қилиб, шунча пулга эга бўлди, дейиш мусулмонларни тўғри
йўлдан адаштириш ва Аллоҳ таоло ўрнатган низомларга зид ҳаракатдир.
Аллоҳ ризқ топиш учун сабабларни яратган, уларга мурожаат қилиш лозим.
Дангасаликка ёки хурофотларга буюрмаган. Бундай хурофотларни тарқатиб
бойиб кетаман, деб ишониш очиқ адашишдир. Мусулмонлар бундай
хабарлардан огоҳ бўлишлари ва динларини тўғри шаклда ўрганиб,
хурофотлардан узоқ бўлишлари жуда муҳим.
Юсуф Қарзовийнинг «Фатаво муассиро» muslimaat.uz
|