Бугун МҲСК стадионида “Бунёдкор”нинг бразилиялик янги вакили Луизаонинг
(унинг тўлиқ исми-шарифи – Луиз Карлос Насименту Жуниор) расмий
тақдимот маросими ўтказилди. Тадбир давомида 21 ёшли марказий ҳимоячига
у бундан буён “қалдирғочлар” сафида тўп сурадиган 5-рақамли футболка
ҳам топширилди.
Дастлаб, “Бунёдкор” ФК спорт ишлари директори Бахтиёр Мелиевич БОБОЕВга сўз берилди:
- Ўйлайманки, биз яхши ҳарид амалга оширдик. Луизао марказий ҳимоячи
ҳисоблансада, у, шунингдек, ўнг қанот ҳимоячиси позициясида ёки ярим
ҳимоянинг ўнг тарафида талаб даражасида бемалол ҳаракат қилиши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, у универсал ижрочидир. Менимча, бундай кенг
қамровли футболчини сотиб олиш анча самарали иш. Бундан ташқари, яқин
кунлар ичида “Бунёдкор” таркибида яна бир янгилик бўлиб қолиши мумкин.
Аммо бу ҳақда кейинроқ хабар берамиз.