Бугун МҲСК стадионида “Бунёдкор”нинг бразилиялик янги вакили Луизаонинг
(унинг тўлиқ исми-шарифи – Луиз Карлос Насименту Жуниор) расмий
тақдимот маросими ўтказилди. Тадбир давомида 21 ёшли марказий ҳимоячига
у бундан буён “қалдирғочлар” сафида тўп сурадиган 5-рақамли футболка
ҳам топширилди.
Дастлаб, “Бунёдкор” ФК спорт ишлари директори Бахтиёр Мелиевич БОБОЕВга сўз берилди:
- Ўйлайманки, биз яхши ҳарид амалга оширдик. Луизао марказий ҳимоячи
ҳисоблансада, у, шунингдек, ўнг қанот ҳимоячиси позициясида ёки ярим
ҳимоянинг ўнг тарафида талаб даражасида бемалол ҳаракат қилиши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, у универсал ижрочидир. Менимча, бундай кенг
қамровли футболчини сотиб олиш анча самарали иш. Бундан ташқари, яқин
кунлар ичида “Бунёдкор” таркибида яна бир янгилик бўлиб қолиши мумкин.
Аммо бу ҳақда кейинроқ хабар берамиз.
Лотин америкалик футболчининг таништирувига бағишланган матбуот анжуманида ўйинчининг ўзи қуйидаги фикрни билдирди:
- Тошкентга келиш масаласида якуний қарор қабул қилишдан олдин мен бу
ерда тўп сураётган чилилик дўстим Хосе-Луис Вильянуэва билан
маслаҳатлашдим. У менга “Бунёдкор”даги мавжуд шарт-шароитларни,
клубдаги бугунги кундаги вазиятни ҳикоя қилиб берди. Ва мени барча
шароитлар қониқтирганлиги боис, мен тошкентликлар таклифини бажонидил
қабул қилдим.
Менинг бу ердаги мақсадим – чиройли ўйинлар кўрсатиб, янги жамоамнинг ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшиш.
- “Қалдирғочлар” мудофааси марказида Ашурматов, Гочгулиев каби
тажрибали футболчилар тўп суришади. Ва умуман, жамоанинг ҳимоя чизиғида
ҳар бир позицияга иккитадан даъвогар бор. Сиз бундай рақобатдан
чўчимайсизми?
- Рақобат – бу яхши нарса. Ким ўзини профессионал санаса, у бундай
рақобатда ғолиб чиқишни ўйлаши керак. Нафақат ўйлаши, балки буни амалга
ошириши, яъни рақобатда устун келиши лозим. Футболдаги бу жараён ҳеч
кимни ҳеч қачон хавотирга солмаслиги керак.
- Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонга келганингиздан сўнг, энди Бразилия термасига қайтишингиз қандай кечади?
- Мамлакатим ёшлар терма жамоасида тўп суриб, ўйлайманки, мен Бразилия
термаси муваффақиятларига ўзимнинг етарлича улушимни қўшдим. Тошкентга
келишдан олдин мен Бразилия терма жамоаси мураббийи билан гаплашдим.
Унга вазиятни тушунтирдим. Ва мураббий мени ҳаммаси яхши бўлишига
ишонтирди. Шу боис “Бунёдкор”га ўтишим терма жамоадаги фаолиятимга
салбий таъсир ўтказмайди, деб умид қиламан.
Анжуман охирида Луизао тақдимотга келган журналистларга миннатдорчилик сўзларини ҳам изҳор этди:
- Менга бундай катта эътибор қаратганингиз учун сиз журналистларга
раҳмат айтмоқчиман. Ишонаманки, сизлар билан йўлимиз ҳали кўп бор
кесишади. Мен чиройли ўйинлар кўрсатишга интилиб, “Бунёдкор”нинг ҳам
Ўзбекистондаги, ҳам Осиёдаги мавқеини оширишга ҳаракат қиламан.
Бугунги тадбирнинг иккинчи қисми МҲСК стадиони майдонида ўтди. Ушбу
қисқа маросимда тўпланганлар “Бунёдкор” тарихидаги пентакампеонлар
ватанидан бўлган биринчи легионернинг тўп билан ишлаш техникасига гувоҳ
бўлишди.
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
Суратлар муаллифи - Дилмурод КАРИМОВ
|
|