16:04 ЗИДАННИ ЁМОН СОҒИНДИМ. | |
Футбол
орқали ҳаётнинг турли жабҳаларини тахлил қилсак бўлади. Биз бугун ушбу
тахлилнинг янги йўналишини тақдим этмоқчимиз. Бу услуб эртак ёки
фантастика жанрига хос мақола эмас, балки суҳбат тариқасида амалга
оширилади. Бугун ўзаро баҳс олиб борадиган Италия ҳамда Франция терма
жамоалари бир-бири билан суҳбатлаша олишганда қандай суҳбат вужудга
келарди? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Агар ўйлаб кўрмаган бўлсангиз, биз
ташкил этиб берамиз ушбу антиқа суҳбатни...
Франция: - Италия, қалайсан, чарчамаяпсанми? Италия: - Одамнинг устидан куляпсанми, қандай қилиб чарчамаслигим мумкин, ўзинг кўрдингку нималар содир бўлганини... Франция: - Ҳа, нимасини айтасан! Голландия бунақа ўйнашини тасаввур қилмагандим. Италия: - Мен тасаввур қилибманми? Ҳазиллашиб ҳужум қилса гол уриб қайтяпти-я ёш болалар! Франция: - Ёш бола дейсану, аммо улар ҳам анча катта бўлиб қолишди. Нистелрой айни кучга тўлган пайтида! Италия: - Кучга тўлганини ўзим ҳам кўриб турибман. Ярамга туз сепма, ундан кўра, айт, “ўлим” гуруҳи эълон қилинганида нечанчи ўринни оламан, деб ўйлаган эдинг?! Франция: - Биринчи ўринни! Нега дейсанми? Сенда аламим бор эди. Жаҳон чемпионати финалида сендан ростакамига кучли ўйнасам ҳамки, бир амаллаб пенальтилар сериясигача етиб бординг. Буффонга раҳмат, дегин. Италия: - Зўр даврларни эсга олдинг-да, Франция! Роса роҳатланган эдим ўша куни. Бугун эса аҳволимизга маймунлар тугул, австрияликлар ҳам йиғлашади. Австрия кейинги босқичга чиқиши ўзининг қўлида-да! Айтганча, жаҳон чемпионати финалида пенальтидан фойдалана олмай менинг ғолиб бўлишимга хисса қўшган Трезеге кўринмайди таркибингда? Франция: - Энди сен менинг ярамга туз сепяпсан-а?! Доменек деган чол унинг ўрнига Анелькани олиб кетди. Мураббийнинг айтишига кўра, Давид Трезеге ҳаддан ташқари ҳиссиётчан ўйинчи экан, ҳиссиётчан ўйинчилар эса муҳим паллада панд беришар экан. Лекин Никольячалик ҳиссиётдан насиба олмаганлар ҳам одамни хит қилиб юборишини мураббий хаёлига ҳам келтирмаган кўринади. Ўзингда ҳам Индзаги кўринмаяпти!? Италия: - Донадони яхши футболчи бўлган, аммо жамоа танлашда хатоларга йўл қўймоқда чамамда. Иккита ўйинни кўрдинг-а, иккаласида ҳам Тони роса ҳаракат қилди, бироқ омад бу боладан минг чақирим нарига қочиб кетгани яққол кўриниб қолди. Бечора битта гол урувди, уни ҳам ҳакамлар ҳисобга олишмади. Пануччичалик бўлмасанг-а, болапақир! Индзаги шунақа имкониятлардан ярми бўлганида хет-трик муаллифига айланарди. Нима қиласан энди, тақдир экан-да! Франция: - Италия, Италия, бир жонингга тегайми? Италия: - Битта сен қолдинг жонимга тегмаган, гапир майли чидайман, ҳар ҳолда дардкашимсан! Франция: - 2000 йилги Европа чемпионати финалида қандай аҳволга тушиб қолгандинг? Тўғрисини айт! Италия: - 2006 йилги жаҳон чемпионати финалида сен қандай аҳволга тушиб қолган бўлсанг, мен ҳам ўша аҳволда эдим. Дель Пьеро Бартез билан бирга-бир чиқиб гол урганда, Трезегеинг ҳам, Пиресинг ҳам, Вильторинг ҳам ҳеч нарса қила олмасди. Бир ўхшаб қолди-да! Франция: Шунақа дейсан-у, бошқача даврлар бўлган экан-да ўшанда. Гуруҳдан чиқиб олсак бўлдийди, буёғига қоч, душман, деб қамчини отга солардик. Қараб турибсанки, иккаламиз финалдамизда! Италия: - Франция, Франция, барибир мен у қадар тушкунликда эмасман. Ўзинг ўйла, руминиялик Муту гол уриб қўйганда борми, шўрим қурирди! Буффонимдан айланай! Қайтарганини кўрдингми зарбани? Франция: Ҳа, лекин сен голландиялик Роббеннинг менга урган голини кўрдингми? Бечора Анрини голни нишонлашга ҳам қўймадия қурғур! Шундай бўлса-да, мен ҳам жуда ночор аҳволда эмасман. Ҳар ҳолда, охирги тур бор-ку! Аммо... Италия: - Нимани ўйлаб қолдинг, гапир, ичингда қолиб кетмасин гапинг! Франция: - Йўқ, сен ҳақда ёмон гапирмоқчи эмасман. Голландлардан шикоят қилгим ҳам йўқ. Руминларнинг “песларча” ҳимояланганини ҳам қораламоқчимасман. Мени қийнаган нарса бошқа масала – роса Зиданни соғиндим! Малуда, Рибери ва Анрининг уччаласини торозининг бир палласига қўйсам ҳам, Зидан турган иккинчи палла қимирламаяпти. Роса кўп нарсани бажарар экан араб боласи, билмаган эканман. Қадрига етмаган эканман. Йигитлар ҳам роса суяниб қолишган экан! Италия: - Мен ҳам Каннаварони соғиндим. Зиданингни финални охиригача ўйнашга йўл қўймаган қўпол Матерацци мусобақадан олдин Каннаварога тўқнашиб кетиб, уни ҳам четлатиб қўйди. Кейин кўрдинг-ку, ҳимоячилар нима қилишганини! Замбротта гўштни чайнаб бердими-эй Мутуга! Франция: - Мендаги Тюрамни айтмайсанми? Йигитлар қаришибди. Макалелени кўрдингми? Робен ван Персининг учиб келганини ҳатто пайқашга ҳам яроқсиз бўлиб қолибди бечора! Росаям чарчадим, Италия! Италия: - Мен ҳам чарчадим. Энди нима қиламиз? Ўзаро ўйнаймизми? Франция: - Ҳа! Бошқа илож йўқ. Саралаш баҳсларида бир гуруҳда ўйнаган бўлсак-да, кейинги босқичга чиқишимизни иккаламиз ҳам билардик. Бу сафар эса бир-биримизни қулатиш учун ўйнаймиз. Ким ўйлабди, дейсан. Ёмон томони шуки, Голландия Руминияга имкониятни бой берса, иккаламизнинг итдек югурганимиз ва терлаганимиз бефойда бўлади. Эсингдами, Италия, 2000 йили Европа чемпионатида Голландияни ярим финалда тўхтатиб қолган эдинг. Аламини олмасмикан? Италия: - Йўғов, эсидан чиқиб кетгандир, бунинг устига ҳозирги мураббийи Марко ван Бастен Италия А сериясида ўйнаган, «Милан»да гуллаган. Чемпионатимнинг ҳурмати бор ҳар ҳолда, бунақа пасткашлик қилмаса кераг-ов. Ахир инсоф нуқтаи назаридан олсак ҳам Руминияга бало борми чорак финалда?! Франция: - Мен ҳам шу фикрдаман. Бироқ, руминлар енгиб қўйишмасин, дейман-да барибир. Италия, Италия, битта нарсага келишиб олсак, нима дейсан?! Италия: - Нимага? Франция: - Дуранг ўйнаб қўймайлик. Мабодо ўйин дурангга қараб кетаётган бўлса, мен сенга ғолибликни совға қиламан. Сен айни пайтда менга қараганда бироз кучлисан! Асосийси, дуранг ўйнаб қўймайлик. Биттамиз чиқиб олсак бўлди, буёғига марра бизники! Кел, сал энгашгин, қулоғингга пичирлаб битта нарса айтаман... Италия: - Нима демоқчисан? Франция: - Мабодо кейинги босқичга чиқсанг, голландлардан умумий ўчимизни олиб бер! Марко ван Бастен А серияда ўйнаган, деб ҳурмат қилиб юрма. Ҳозир унга кулиб тур, лекин плей-оффда қутур, гап йўқми? Италия: - Гап йўқ, Франция. Лекин сен ҳам менга қулоқ сол. Мабодо ўзаро ўйинимизда сен кучлилик қилсанг, сенга ҳам шу вазифа. Анрига айтиб қўй, ўзига келиб олсин. Риберига айтиб қўй, озгина ҳаракат қилса жуда катта натижаларни қайд этиши мумкин. Анелькага айтиб қўй, озгина жиддийроқ ҳаракат қилсин, Трезегенинг ўрнини банд қилиб юравермасин. Франция: Ташаккур, Италия! Шунчалик эътибор қаратганинг учун раҳмат. Кетдикми, яшил майдонга?! Италия: - Ҳа, нима ҳам қилардик! Нега майдон четида ўйланиб, туриб қолдинг? Франция: - Зиданни ёмон соғиндим... | |
|
Всего комментариев: 0 | |