16:05 МЕНИ ТАБРИКЛАНГ! | |
Бу
кунга етиб келишим осон бўлмади. Ҳаммадан яшириб келдим бу сирни.
Тишимни тишимга қўйиб чидадим ва айта олмадим бу ҳақиқатни. 26 йилдан
бери бардош бердим бу хўрликка! Энди мени табрикланг! Мен ҳатто ўзим
ҳам ишонишни тўхтатган ҳақиқатни сизга илинаман.
Ақлимни таниб, футбол томоша қилганимдан буён
анчагина мусобақаларни кўриб қўйдим. 1982 йилдан бошлагандим кузатишни.
Испанияда ўтказилган жаҳон чемпионатида қалбимга ўзгача бир шукуҳ олиб
кирган эди. Футболнинг илк сабоқлари шундан бошланди. Италия терма
жамоасининг фантастик ўйини, Бразилия деган “афсунгарлар” юрти,
Аргентинада пайдо бўлган Марадона ўша пайтнинг ўзидаёқ мени футболга
ошино қилиб қўйди. Германия терма жамоаси ҳам ўзининг услубида футболга
ўзгача ҳаво олиб кирганини ўша даврнинг ўзида англадим. Шунинг учундир
шу терма жамоаларга бўлган илиқ муносабатим бир неча йиллар бошқача
бўлди. Отамдан футбол қанақа ўйин деб сўраганимда, бузрукворим шундай жавоб бергандилар: “Бразилияликларнинг техникасига Италиянинг ҳимоявий ўйинини қўшасан, кейин Марадонага кўпайтирасан, ундан сўнг Германиянинг иродасини қўшасан, ҳосил бўлган сонга Англиянинг тезлигини қўшасан ва булардан футбол деган сўз ташкил топади!” Отамиз физика ўқитувчиси бўлганликлари учун футболни ўзларининг тилларида тушунтириб қўя қолдилар. Аксига олиб, ўшанда матемактикани яхши кўрмас эдим, шу фанга қизиқиш уйғотиш учун ҳам шу ишни қилгандилар, деб ўйладим кейинчалик. 1982 йилги мундиалдан икки йил ўтиб Европа чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу баҳсни кузата туриб, юқорида номлари келган терма жамоалар сафига Платинининг Франциясини қўшиб қўйдим. 1986 йили мен яшаётган Собиқ иттифоқда ҳам футбол яхши натижалар бера олишини ҳис қилдим. Табиийки, рўйхатимни Шифонинг Бельгияси ҳам чиройли суратда тўлдирди. Диего Армандо Марадонанинг ўйинларидан роҳатландим. Отам уни Пеледан устун деб ҳисобламаса-да, менинг наздимда оқ-қора тасвирларда қолган қора танли қиролнинг ўйини аргентиналик раққос олдида ҳеч нарса эмасди. 1988 йилги Европа чемпионатида яна бир жамоани кафш этдим. Отамнинг таъкидлашича, бу юртни ўзининг тенгламасида айтиб ўтишни эсдан чиқарган эканлар. Голландия! Бу энди умуман бошқача футбол эди. Марко ван Бастен, Гуллит, Райкаард учлиги томонидан кўрсатилган ўйинлар анчагина катта бўлиб қолган ақлий тафаккуримни бойитиб юборди. Мен энди отамдан эшитган тенглама аслида анчагина тор эканлигини, футбол ҳар икки йилда менинг фикримни кенгайтириб туришини фахмладим. Аммо 1990 йилдан бошлаб яна отамнинг тенгламасига қайтдим. Чунки футболни чинакамига тушунишни бошлаган йилим деб Италия яшил майдонларида ўтказилган мундиални эътироф этаман. Ўшанда ҳаммасини тушуниб етдим. Нари борса 5-6та фаворит бор экан жаҳон футболида! Германия ва Аргентинанинг худди тўрт йил олдингидек чўлоқланиб финалгача етиб боришидан футболга умумий хулоса ясадим. Футболнинг охири ҳаддан ташқари иродали ёки ҳаддан ташқари ҳужумкор жамоанинг манзилга етиб келиши билан тугар экан, деган хулоса эди бу. Аммо энди ақлим етишди, деганимда, 1992 йилги Европа чемпионати футбол ҳақидаги тушунчаларимни парчалашга тушди. Югославиядаги фуқаролар уруши туфайли дам олиш масканларидан чақиртириб олинган Дания қитъа чемпионатида қатнашадиган бўлиб қолди ва у шу қадар ғалати ўйинлар кўрсатдики, охир оқибат мен таниган “ирода”, “тотал футбол”, “катиначчио” ва “тезкорлик” яшил майдонни бир зумга тарк этгандек туюлди. Буларнинг ўрнини “бир ўйнаб кетайлик” деган йўл-йўл либосли данияликлар эгаллади. Лаудруп, Элкяер ва Шмейхель жамоадошлари шу қадар эркин ҳаракат қилишдики, уларни бирон бир юрт тўхтата олмаслиги плей-оффдаёқ аниқ бўлиб улгурган эди. Натижада, мен футбол аталмиш ўйин ҳақидаги тасаввуримни ва хулосамни ўзгартирдим: “Футболда мен кутмаган воқеа ҳам рўй бериши, кутилмаган жамоанинг шиддат ила мусобақага кириб келиши ва бир неча йиллик анъаналар парчаланиб кетиши мумкин экан!” 1994 йилги мундиални журналист сифатида кузатдим. Журналистика факультетида тахсил олаётган бўлсам ҳам, турли нашрларга мақола бериб турганим боис, айни шу турнир баҳона футбол ҳақида чиқишлар қилдим. Бу сафар яна эски қоида ишга тушди. Кутилмаган жамоанинг кутилганидек учиб кетиши ва кутилган жамоаларнинг финал остонасигача етиб келишлари. Болгария ва Швеция жуда ҳам кучли ўйин кўрсатишса-да финалга лойиқ Италия ва Бразилиядан ўта олмасликлари турган гап эди. Ҳар ҳолда Стоичков ва Бролин зўр ўйинчи бўлсалар ҳамки, Баджо ва Ромарио савиясига тенг кела олмасди. Бу юлдузлар тўқнашувида “узунсоч” қандай суратда имкониятни бой берганини биласиз. 1996 йилги Европа чемпионати менга яна бир номни таништирди. Бу ном Чехия эди. Отамнинг айтишигача қараганда, 60-йиллардаги авлод яна бўй кўрсатган эди. Бироқ, чехларнинг “мўъжизавий” ўйинини Бирхофф йўққа чиқарди ва Германия эски қоида ҳали ишда эканлигини намойиш этди. Ниҳоят 1998 йил кириб келди. Менинг рўйхатимда яна бир ном пайдо бўлиши лозим эди. Хорватия терма жамоаси томонидан кўрсатилган ажойиб ўйинларни Зидан ва унинг байналмилал жамоаси тўхтатди. Мен ушбу чемпионатда терма жамоалар масаласида эмас, балки футболчилар масаласида кўпгина кашфиётларни кузатдим. Айниқса, араб Зидан. Бразилиялик Роналдо! Бу икки юлдуз камида ўн йилни тахтнинг устида ўтказишади, деб ўйладим ўшанда. Хато қилмаган эканман! 2000 йилги Европа чемпионатида рўйхатимни бойишига сабаб бўлган Португалия тезлиги ҳаммани лол қолдирди. Унинг таркибида ўйнаган Фигу эса кўпчиликка муаммолар келтира олишини исботлади. Аммо финалда барибир ўша биз билган Италия ва Франция ўйнагач, футболдаги инқилоб яна икки йилга сурилиб туриши лозимдек эди. Икки йилдан кейин Жанубий Корея нимадир қилмоқчи бўлдию, бироқ ғирром ғалабаларини немис машинасига урилиб тўхтатди. Германия финалга йўл олгач жуда ҳам кучли Бразилияга йўлиқди. Отамнинг айтишича, 70-йилларнинг Бразилиясидан-да кучлироқ бу Бразилия немисларни бемалол енга оларди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Роналдо Канни икки марта доғда қолдирди. 2004 йилги Европа чемпионатида менинг рўйхатимга кутилмаганда Греция деган юрт кириб келди. Мен ўша мусобақани ТВда шарҳлаган инсон сифатида айтаманки, грекларнинг чемпион бўлишига бирон бир одам ҳатто финал куни ҳам ишонмаган эди, бошқа кунларни айтмай қўяверинг. Бироқ, қитъа чемпионати тугаганида ҳамманинг кўзи ўнгида ҳеч ким тан олмаган Загоракис кубокни бошлари узра кўтарди. 2006 йилги жаҳон чемпионати Италиянинг мусобақаси бўлди. Бирин кетин рақибларини доғда қолдирган адзурра охир оқибат Зидансиз Францияни ҳам бир амаллади. Мен бундан буён рўйхатим сони ошмаса керак, деган хулосага келдим. Чунки футбол катта тезлик билан ўсаётган бўлсада, фаворитлар сийраклашиб қолган ва улар ҳар қанақа мусобақада жиддий ўйнайдиган бўлишса, шохсупага чиқишлари мумкин эди. Мана шундай каттагина стаж билан бу йилги Европа чемпионатига ҳам кириб келдим. Рўйхатимнинг янги номи билан танишинг – Испания! Мен шу ерга келганда сиз азизларга ўша айтмоқчи бўлган сиримни очаман. Шу пайтга қадар мухлис сифатида айнан шу юрт футболига ўзгача қарар эдим. Шунақа яхши кўрардимки ўйинчиларини ва жамоаларини, таърифлашга тил ожиз. Испанларнинг муваффақиятли одимлари энди-энди ўхшадим, деганида Туркия ва Россия порлаб қолди. Нима қилишим керак, ўзингиз айтинг?! Турклар диндош, қардош бўлса, руслар қўни-қўшнимиз бўлса!!! Шунда ҳам ичимдан нимагадир испанияликлар ютишини истадим. Отамдан эшитган футбол ҳақидаги таърифда “немисча ирода”, “бразилиянча афсунгарлик”, “голландча тотал футбол”, “Марадона”, “британча тезлик”, “Зидан” ва “италянча ҳимоя” деган сўзларим олдига “испанча тўп билан муомала” деган иборани қўшиб қўйдим. Мен шу пайтга қадар майдон марказида тўп билан бунақа эркин муомала қилган жамоани кўрмаган эдим. Ниҳоят, омадсиз йигитлар ҳам финал нималигини билишди ва 64-йилдан буён эскирган қоидани парчалашди. Немисча иродага тўқнашганлари эса вақтинчалик ҳолат. Энди бу юрт ҳақида ҳеч қачон “гуруҳ жамоаси” деган таърифни ишлатишмайди. Бу жамоа плей-оффда ҳам ўйнай олади, бу жамоа пенальтилар сериясида ҳам асабларини ушлаб тура олади, бу жамоа ҳаёт-мамот беллашувларида ҳам довдираб қолмайди. Дунё футболи энди узоқ Андалусиядан таралажак майин шабададан баҳра олажак. Испания деган сўз жаранглаганда биз энди фақат “Реал” ва “Барса”ни эмас, балки терма жамоани ҳам тушунамиз. Мен Испания футболининг шайдоси эдим, бу шайдолигим жуда узоқ давом этди ва ниҳоят футбол ҳақидаги фикрларим энди-энди қолиплашаётган пайтда улар ёшлигимдаги орзуимни амалга оширишди. Мен бу орзуимни шу пайтга қадар ҳаммадан яшириб келганимнинг боиси – Испания терма жамоасига мухлислик қиламан, дейишга уялардим. Энди уялмайман. Овозимнинг борича мақтана оламан энди! Футболнинг илк сабоқларини ўргатган Испанияга қайтдим, бу сафар мусобақа мезбони сифатида эмас, балки терма жамоасига бўлган муҳаббат ила қайтдим! Мен футболни ҳаётга ўхшатишни яхши кўраман, шу боис Испаниянинг нурли ўтмиши ҳаётда ҳам қайтишига ишонаман. Кутаман ва бутун дунёга Қуртубий деган олимларни тақдим этган юртнинг 800 йил олдинги ҳаётини қумсайман. | |
|
Всего комментариев: 0 | |