Заққумга айланди тутган ошлари
Энг яқин кимсалар жафодор бўлиб!
Кўзидан ёмғирдек оқиб ёшлари
Фақат онам қолди вафодор бўлиб!
Ҳиёнат қилдилар дўстларим бир
кун,
Устимдан кулдилар дўстларим бир кун,
Ғирт душман бўлдилар дўстларим бир кун
Фақат онам қолди вафодор бўлиб!
Муҳаббат боғида эдим беғубор,
Оппоқ қишларни ҳам ўйлардим баҳор.
Сиримни кўчага сочганда дилдор
Фақат онам қолди вафодор бўлиб!
Қаҳрижонга дўнди ҳар меҳрибоним,
Гул тутиб ортимдан тилдилар жоним.
Ғийбатлар комига кўмилган оним
Фақат онам қолди вафодор бўлиб!
Иқрорман ҳақ сўзга гарчи аламда,
Надомат ҳислари сизар қаламда!
Бевафо аталмиш ёруғ оламда
Фақат онам қолди вафодор бўлиб!
Энди авайлагум ушбу боримни,
Шодлик кун билинмас, дарду зоримни.
Дунё, эшит манинг бу иқроримни:
Фақат онам қолди вафодор бўлиб!
|