Жиноят
оламида аёллар жиноятчилиги доимо долзарб аҳамият касб этиб келган.
Аёллар жиноятчилиги эркаклар жиноятчилигига нисбатан анча кам миқдорда
содир этилсада, салбий оқибати жиҳатидан аёллар жиноятчилиги олдинда
туради.
Юридик фанлар доктори Қ. Абдурасулованинг илмий
тадқиқотларида келтирилган маълумотга кўра, ҳозирда аёллар жиноятчилиги
умумий жиноятчиликнинг 12,5 фоизини ташкил қилади. Бу анча кам туюлиши
мумкин. Аммо ҳар бир аёлнинг ортида фарзандлари ё оиласи шаъни
турганини, қариндош-уруғлар номуси масаласи кўтарилишини ҳисобга олсак,
ҳеч иккиланмай бу рақамларни жуда кўп дея оламиз. Чунки аёл энг аввало,
она, фарзандлар тарбиячиси ҳисобланади. Агар унинг ўзи жиноятчи бўлса,
у тарбиялаган «фарзанд»лардан ижобий фаолиятни кутиш ноўрин бўлади.
Зеро, халқимизда «қуш уясида кўрганини қилади», деган нақл бор. Ундан
ташқари, аёл севимли ёр, суюкли рафиқа бўлгани боис, у ўз турмуш ўртоғи
билан биргаликда оила мустаҳкамлигини таъминламоғи лозим. Ҳаёт
тажрибаси шуни кўрсатадики, жиноят содир этган эркакни аёл кечириши,
ҳатто озодликдан маҳрум қилиш муассасасидан чиқишини, керак бўлса, ўн
йиллаб кутиши мумкин-у, аммо рафиқаси жиноят содир этган эркак деярли
барча ҳолатларда нафақат аёлидан, балки фарзандларидан ҳам воз кечади.
Охир-оқибат оилалар бузилади. Фарзандлар бебош қолади. Бу эса, вояга
етмаганлар жиноятчилигининг салмоғига ҳам катта ҳисса қўшади. Шу
сабабдан ҳам, аёллар жиноятчилиги масаласини ўрганиш, унинг олдини олиш
чораларини кўриш долзарб масала ҳисобланади. Маълумки, жиноят - хавфли
иллат. Аёлларнинг жиноят содир этиши эса, ушбу иллатнинг бир неча
маротаба кучайган шаклидир. Хўш, аёл нима учун жиноят содир этади?
Аёллар жиноятчилигини жиноятчиликнинг мустақил таркибий қисми сифатида
ўрганишга XIX асрнинг иккинчи ярмида асос солинган бўлиб, ушбу масалага
дастлаб, Ламбер Адольф Жак Кетле (1796-1874) ва Чезаре Ломбразо
(1836-1909)лар эътибор қаратишган. Илмий статистика асосчиларидан бири
бельгиялик социолог ва криминолог Кетленинг фикрича, жиноят содир
этишга мойиллик одамнинг ёши, жинси, касби, маълумоти даражаси, йилнинг
мавсуми ва бошқаларга боғлиқ бўлади. Аёллар содир этадиган жиноятлар
турига назар ташлайдиган бўлсак, улар, асосан, иқтисодий жиноятлар -
ўғрилик, товламачилик, фирибгарлик, наркотик моддалар савдоси,
фоҳишалик кабиларни содир этишларига гувоҳ бўламиз. Нима учун айнан
иқтисодий жиноятлар? Балки аёллар моддий етишмовчиликни, иқтисодий
тангликни катта фожеа деб билишар?! Ачинарлиси шундаки, иқтисодий
жиҳатдан юксак ривожланган давлатларда ҳам, аёллар айнан юқоридагидек
жиноятларни содир этишаркан. Гап шундаки, эркакларга нисбатан аёлларда
яхши яшашга мойиллик кучлироқ бўларкан. Бу мойиллик уларни ҳаётни
таққослаб талқин этишга ундайди. Яъни, нима учун у бой, нима учун у
данғиллама уйда яшайди, нима учун у чиройли машинада юради? Тўғри,
кимгадир ҳавас қилиш яхши нарса, аммо ҳасад инсонни ўз ич-этини
емиришга, натижада бу вазиятдан чиқиш учун ҳатто жиноятга қўл уришига
ҳам олиб келиши мумкинлигини унутмаслик керак. Ахир ҳадиси шарифда
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ҳеч ким ҳеч кимдан ортиқ эмас. Ортиқлик
фақат дину диёнат ва солиҳ амаллар билан бўлиши мумкин», дея
таъкидлаганлар. Демак, кимдир бизга нисбатан яхшироқ иқтисодий
таъминланган бўлса, буни ортиқлик деб ҳисоблаш тўғри бўлмайди. Бойлик
ёмондир, деган фикрни айтишдан йироқмиз. Аммо бу бойлик ҳалол йўл билан
топилган бўлиши лозим. Машҳурлардан бири «Инсон ёки ўта қашшоқлиги, ёки
ўта бойлиги учун жиноят содир қилади», деган фикрни айтган эди. Агар
иқтисодий жиноятларни содир этаётган аёллар иқтисодий етишмовчиликни
баҳона қилаётган бўлсалар, ҳатто нонни ўлчаб берилган замонларда яшаган
аёлларнинг ҳар бирига ҳайкал қўйишга тўғри келади. Моддий жиҳатдан
муаммосиз бўлган оилаларда яшаб, ўғрилик, фирибгарлик, товламачилик
каби жиноятларни содир қилаётган аёллар нисбатан «кам бўлиб кифоя
қилгани кўп бўлиб йўлдан оздирганидан яхшироқдир», ибораси мос тушади.
Аёллар томонидан содир қилинадиган жиноятлар ичида жуда кўп қисмини
фоҳишалик билан шуғулланиш ташкил этади. Худога шукурки, бу ҳолат
бизнинг давлатимиз қонунларига кўра, жиноят ҳисобланади. Европанинг
баъзи давлатларида эса, фоҳишалик бир касб сифатида талқин этилади.
Қизиқ, баъзи аёллар тақдир тақозоси билан эри вафот этгач ёки турмуши
бузилгач, иккинчи турмуш қилишга хижолат чекса-ю, баъзи «аёллар» ҳатто
соатига хуштор алиштиришни қандай ҳазм қилар эканлар? Бу
номақбулчиликка уни нима мажбур қилди экан?
Бир танишим мақола ёзиш илинжида бир фоҳиша билан бўлиб ўтган суҳбати
ҳақида гапириб қолди. Айтишича, унинг бу жирканч йўлга кириб қолишига
оиласидаги етишмовчиликлар, синглисининг институтда шартнома асосида
ўқиши ва у синглисининг ўқиши учун пул топиши кераклигини важ қилиб
кўрсатибди. Ҳаромдан топиб ҳалолга сарфлаш ҳам, ҳалолдан топиш ҳаромга
сарфлаш ҳам хайрли оқибат келтирмаслиги аниқ.
Дақиқ суҳбатларнинг бирида севимли ёзувчимиз Тоҳир Малик бир воқеани
ҳикоя қилиб бердилар: бир куни уйларига нотаниш аёллар қўнғироқ қилиб,
у киши билан учрашиши зарурлигини айтибди. Домла рози бўлибдилар.
Учрашгач, суҳбат чоғида ўзини таништириб, ўн беш йилдан бери фоҳишалик
билан шуғулланишини айтибди. Аёл ўзининг қилмишларидан пушаймон
эканини, ёш қизларни бу йўлдан қайтариш лозимлигини қайта-қайта
таъкидлабди. Айтишларича, бундай аёлларнинг ўттиз ёшдан сўнг «бозорлари
юришмай», харидорлари камайиб бораркан. Шундагина уларнинг баъзилари
қилмишидан пушаймон бўлиб, бу йўлдан қайтса, қолганлари ёш енгилтак
қизларни йўлдан оздириб, ўзларига ўхшаш тақдирни тақдим қилишар экан.
Нақадар жирканч ва ачинарли ҳол. Руҳшунос олимлардан бири «фоҳишалик
оламига киришга аёлни нима мажбур қилади», деган саволга шундай жавоб
бер-ганди: «аёл киши доим эркак тарафидан меҳр кўришни истайди. Агар шу
эҳтиёж қондирилмаса, яъни қиз бола ёшлигида отаси, ака-укалари
томонидан, кейинчалик ён-атрофидаги йигитлардан кўрсатиладиган меҳрдан
мосуво бўлса, шу йўлга кириб кетиши осон бўлади». Демак, бир инсоннинг
жиноят йўлига кириб қолиши учун унинг ўзигина сабабчи бўлмайди. Балки
ён-атрофидагилар, яқинлари, хуллас, жуда кўп омиллар таъсир кўрсатиши
мумкин. Бу омиллар ичида ота-онанинг ўрни беқиёс. Саҳиҳ ҳадисларнинг
бирида «Фарзандларингизга бир хил муомалада бўлинглар, агар улардан
бирортасини устун қўйиш керак бўлса, қизларингизга кўпроқ аҳамиятли
бўлинг», деб хитоб қилинган. Зеро, қизлар тарбияси жамиятнинг
келажагини белгилаб берувчи энг муҳим омилдир. Машҳур бобомиз Рудакий:
«Қайси бир миллатни яксон қилмоқчи бўлсангиз, уларнинг қизларини -
бўлажак оналарини тарбиядан чиқаринг. Қайси бир миллатни юксалтирмоқчи
бўлсангиз, унинг қизларини - бўлажак оналарини чиройли тарбияга, гўзал
аҳлоққа ўргатинг», деганлар. Хулоса сифатида айтиш , мумкинки, аёл
жамият таянчи, оиламиз гултожи, қалбимиз қувончидир. Унинг ножўя қадам
босиши ҳалокат, фожеа ҳисобланади. Зеро, унга енгил-елпи ҳаёт кечириш
илинжида ўзини ҳар кўйга солиш эмас, ҳаё ярашади. Унга панжара ортида
кераксиз буюмдек беҳуда ҳаёт кечириш эмас, бешик бошида алла айтиш
ярашади.
muslimaat.uz
|