Dushanba, 18.11.2024, 05:32
Приветствую Вас, Mehmon
Главная » 2008 » Июнь » 3 » Bir siqim mulohaza!
10:04
Bir siqim mulohaza!
Талабаликнинг иссиқ-совуғи, яхши-ёмонини бирга тотиб,бир тану бир жондай бўлиб кетганим Фотима исмли курсдошимга қаттиқ меҳрим тушиб қолган экан. Ўқишни тамомладик. У турмушга чиқиб Самарқандда қолди. Мен эса Тошкентда ишлаб қолдим.
Уни роса эслаб, соғиниб юрган кунларимнинг бирида синглим «Фотима ўртоғингиз шу ерда экан, кўчиб келишибди» деса бўладими? Қувончим ичимга сиғмай кетди. Манзилини берган экан, ён дафтарчамга алоҳида ёзиб қўйдим.

 Дам олиш кунини орзиқиб кутдим. Аммо, аммо неча марта уникига отланган бўлсам бир юмуш чиқиб қолаверди. Виждоним қийналса-да, имконсиз эдим. Баҳорда уникига қатнашни одатлантирган эдик. Ўша куни қандай бўлмасин ишхонадан эрта чиқиб, Фотиманикига боришга аҳд қилдим. Абитуриент жияним билан совға олиб йўлга тушдик. Негадир чиптачи йигитга дафтарчамдаги манзилни кўрсатсам, кулимсираб «билмайман», деди. Шаҳарнинг четроғи бўлгани учун ҳеч йўлим тушмаган экан. Чипта оларканман, ёш йигитга энди «мўлжал», дея ёзилган ресторан номини айтдим. У яна кулимсираб, бепарвогина бош ирғаб қўйди.
Шаҳарнинг ёруғ, кенг кўчаларидан, дарахтзор, қоронғу ва тор кўчалардан кетарканмиз, автобусда 5-6 кишигина қолдик. Ўтиб кетмайлик дея ҳадеб безовталанаётганимиздан рўпарамдаги ўрта ёшли бир киши «синглим бундан кейингисида тушасизлар», деди. Автобус бўшлигидан унинг гапи ҳайдовчининг ҳам қулоғига чалинибди. «Ким ўша қизлар, қўрқманглар ўша ерга олиб бориб қўямиз», дея салонга ўгирилди. Ва ниҳоят етиб келдинглар», деб ҳайдовчи билан чиптачи йигит бир-бирига қараб кулиб қўйишди. Йўлнинг нариги бетига ўтгунимизча ҳам автобус юриб кетмагани учун «охири шу ермикан», деб ортимга ўгирилдим. Иккови ҳамон кулганча ортимиздан кузатиб туришарди. Таваккал қилиб қатор жойлашган уйлар орасига юрганимиздан сўнг автобус ҳам силжиб кетди.
Нотаниш жойларнинг ҳеч қайсисида тушмаган ажойиб бир ҳолга тушиб қолдим. Негадир ҳамма бошқача қарайди. Ҳар қадамда бир йигит, бир қиз. Тизадан паст юбка кийгани йўқ, қоринлари очиқ, ўзлариям бошқача, умуман ўзга дунёга тушиб қолгандай бўлдим. Йўлнинг тўрт томонидаги уйларнинг ҳаммасини оралаб чиқдик, афсуски қора бўёқ билан ёзиладиган тартиб рақамлари бу уйларнинг биронтасида йўқ экан. Ғалати муҳитга тушиб қолганим етмай, дугонамни топа олмаётганимдан баттар хунобим ошди. Топишдан умид узиб тургандик, жияним «39» рақамли уйни кўриб қолди. Рақам хира, билинар-билинмас эди. Жон киргандай бўлиб 2-қаватга чиқдик. Эшикнинг тугмасини босиб, қадрдон дугонамга бир ҳазил қилишга тайёрланаётгандим, бошқа бир қиз пешонасини тириштирганча эшикни очди. «Фотима шу ерда турадими?», дедим, қариндошимикан, дея ўйлаб. «Қанақа Фотима, биз турамиз бу ерда». Эшик дўқ билан ёпилди. Зинадан чиқаётган кекса аёл «Самарқандлик Фотимами, фарзандли бўладиган эди, юртига кетган, шу ерда турарди», деди. Миямга урилган зарб оғриғи сал қўйиб юборди. Қўлтиғимдан тарвузим тушган кўйи жиянимни бекатга эргаштирдим.
Бир соатлар чамаси автобус кутдик. Ён атрофимизда ўралашаётган бошқача йигитлар, бир қарич юбкалилар негадир бизга қараб кулишарди. Тобора хижолатлигим ортиб, ёнимда кўп пул бўлмаса-да такси тўхтатишга чоғландим. Аммо ҳайдовчилар манзилимиз жуда тескарилиги, вақт бир маҳал бўлгани ва жуда қимматга олиб боришларини таъкидлашди. Бекат томон бир тўда йигитлар яқинлашиб келарканлар юрагимни ваҳм босди. «Қизлар қаерда турганилани биласилами ўзи, қаёга борасила, бўттан кетомисила, автобус 7 дан кейин юрмийди». Қайсидир дўстининг гапига йигитлар мириқиб кулишди. «Гаппи очиғи, бу ер яхши жоймас, ўзила яхши қизлага ўхшийсила, ҳозир катта кўчага чиқиб олила-де, у ёғига автобусда кетсанглар ҳам бўлади», дея маслаҳат берди кимдир. 2-3 бекат юриб марказий, серқатнов йўлга чиқиб олдик. Соат 10дан ошаётгани боис уйдан пул олиб берамиз, деб такси тутдик. Ёшроқ ҳайдовчи йигит бизни ҳалиги жойда кўргани ва «адашиб қолишганми» дея ажабланганини яширмади. Ўша йигитнинг айтишича у ер тана сотарлар макони экан. Бошимда рўмолим борлиги, кийимларим ёпиқлигига Аллоҳга ҳамду сано айтдим. Акс ҳолда… Хайрли ниятимни вақтида қилмаганим учун Аллоҳ жазоимни берди, дея ўйладим. Рўмол ва ёпиқ кийимнинг қудратига, улар чиндан-да жонсиз ҳимоячилар эканига юрак - юракдан амин бўлдим.

Муножат Раҳимжон қизи.

Категория: Mulohaza | Просмотров: 1549 | Добавил: hamma | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]