10:07 Kechikkan maqola: Ruhiy tarbiya | |
Испания ажойиб натижа қайд этди Футбол
деганда кўпчилик қайсарлик билан «мураббий тактикаси ва футболчиларнинг
шу тактикага бўйсуниб, маҳорат кўрсатишлари» деган эски таърифни
ишлатиб келишади. Аммо сўнгги Европа чемпионатлари бу рўйхатга яна бир
ҳолатни қўшиб қўйишни тақозо этмоқда. Бу ҳолат кимга ёқиш-ёқмасидан
қатъий назар чемпионлик масаласини ҳал қилиб бермоқда.Фикримни тушунтириб бериш учун чорак финалдаги жуфтликларни эслаб ўтай: А гуруҳи ғолиби Португалия В гуруҳи 2-ўрин эгаси Германияга қарши, В гуруҳи ғолиби Хорватия А гуруҳи 2-ўрин эгаси Туркияга қарши, С гуруҳи ғолиби Голландия D гуруҳи 2-ўрин эгаси Россияга қарши, D гуруҳи ғолиби Испания С гуруҳи 2-ўрин эгаси Италияга қарши! Футболдан озгина хабари бор киши ушбу босқич якунида гуруҳларнинг ғолиблари ярим финал иштирокчиси бўлишини тахмин қилади. Яъни, Португалия немисларни енгиб кейинги босқичга йўл олса, Хорватия туркларни мағлуб этади ва ярим финалда Португалия – Хорватия жуфтлиги тўқнаш келади. Жаҳон чемпионати финалчиларини қақшатиб ташлаган Голландия русларни ер тишлатиб яримфинал иштирокчиси бўлади. Фақатгина охирги жуфтликда Италиянинг ёвуз услубидан ва испанларнинг плей-оффда руҳан эзилишларидан келиб чиқиб, мухлислар Скуадро Адзурранинг ғалабасини тахмин қилишарди. Табиийки, иккинчи жуфтлик Голландия – Италия терма жамоалари баҳси сифатида ёзилиши лозим! Чорак финалдан олдин бирон бир инсон ярим финалда Германия Туркия билан, Россия Испания билан ўйнайди, деган тахминни билдирса, аниқки унинг шаънига камида «футболдан бехабар» деган таъриф берилар эди. Лекин воқеъликда айнан шу жамоалар ярим финал жуфтликларини ташкил этишди. Учта гуруҳнинг ғолиби - Португалия, Хорватия ҳамда Голландия мухлислари кўнглини осмонга олиб чиқиб, биринчи плей-оффдаёқ ерга улоқтиришди. Охирги жуфтликдаги фаворит Италия ҳам расмий учрашувларда 88 йилдан бери ютқазмаган испанлардан мағлубият қабул қилишди. Бу воқеаларни тасодиф ёки омад, дегувчилар хато қилишадиким, омад одатда бир ёки икки учрашувда кулиб боқади. Ҳамма жуфтликларда эмас! Бўлмаса нимага бундоқ бўлди, дерсиз?! Сабаби оддий. Португалия ва Хорватия гуруҳни кўтаринки кайфиятда бошлаган кўйи, охирги турда иккинчи таркиби билан ўйнади ва чорак финалга юлдузларини сақлади. Германия ва Туркия эса гуруҳни ёмон бошлаган ҳолда, турдан турга ўйинида ижобий томонга силжиш пайдо бўлди. Улар плей-оффдан олдин юлдузларига дам бера олишмади. Ўша дам олмаган йигитлар узоғи билан олтитагина ўйин бўладиган мусобақада тин олган йигитларни осонлик билан доғда қолдиришди. Руҳий томондан немислар ҳам, турклар ҳам анча устун эдилар. Бу устунлик ўйинда яққол сезилиб қолди. Голландия масаласи бироз бошқачароқ тахлил қилинади. «Учар голландлар» Евро-2008га қуръа ташланганидаёқ асосий эътибор Франция ва Италияга қарши ўйинларга қаратилиши зарурлигини англаб етишди. Катта эътибор туфайли Марко Ван Бастен шогирдлари ўзлари ҳам кутмаган ҳолда франко-италияни мағлуб этишгач, учинчи учрашувда кимни гуруҳдан олиб чиқишни ҳам ҳал қилишди. Аксига олиб, чорак финалда уларга чорак финалчиларнинг энг заифи бўлиб кўриниб турган Россия насиб этди. Бу ҳолатлар Голландия йигитларига шу қадар ёмон таъсир қилдики, Гус Хиддинк ватандошларини йўлбарс ўлжасини тутганида индамай бўғиб турганидек «ўлдирди». Футболни тушунмаган одамга гуруҳ баҳсларидаги натижаларни тушунтириб берсангиз ва у мабодо шу маълумотларига таяниб Россия-Голландия ўйинини кузатса, аниқки оқ либосли йигитларни Голландия, қизил либослиларни Россия деб ўйлар эди. Ҳаммаси тескари бўлиб қолди. Италиянинг Испаниядан ютқазиши «2-ўрин эгаларининг анъанаси»ни бузган бўлиши мумкин, аммо ушбу учрашувда кўпчилик томонидан фаворит деб эътироф этилиши натижасида «аутсайдерлар муваффақияти анъанаси»ни давом эттириб берди. Испанияни бунақа пенальти тепганини ҳали кўрмаган эдим. Олти йил олдин корейслардан зарба қабул қилган йигитлар Скуадро Адзуррага қараганда ишончлироқ ҳаракат қилишди. Хуллас, ҳаммаси кутилмаганидек якунланди. Энди ярим финал ўйинида ким кимни енгишидан қатъий назар чорак финал сингари тахлил қилинмайди. Чунки кутилмаган жамоанинг бошқа бир кутилмаган жамоа устидан ғалабага эришиши кутилмаган воқеа сифатида қабул қилинмайди. Финални гапирмаса ҳам бўлади. Демак, бир ойга яқин давом этадиган мусобақада руҳий ҳолат ҳаммасини белгилаб берар экан. Грециянинг бундан тўрт йил олдин эришган муваффақияти омилини ҳам шу билан тушуниб олдик. Яхши мураббий ҳеч ким билмайдиган футболчиларни бир ўйинга тайёрлай олса ва бу услубини мусобақа тугагунига қадар давом эттирса, чемпион бўлиши мумкин экан. Қандай юлдузи бўлишидан қатъий назар мураббий ўз шогирдларига руҳият масаласида дарс бера олмаса, унинг гуруҳда қолиб кетиши ёки чорак финалдаёқ учиб кетиши оддий ҳолат экан. Айни мана шу ҳолатларни тахлил қилиб, мусобақа пешқадами бўлмоқчилар мусобақа аввалида иккинчи планда туришни ўз олдиларига шиор қилиб олишлари зарур эканлигини англаб етдим. Фақат ва фақат шу «эътиборсизлик» билан катта натижа қайд этишлари мумкин экан. Эхтимол шунинг учундир, сўнгги бешта мусобақа тарихида биргина 1996 йилги чемпион Германия ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган, қолган тўрттасида (Голландия-88, Дания-92, Франция-2000, Греция-2004) чемпионлар гуруҳда иккинчи ўрин эгаси бўлишгандир. Бундан буён футбол деганда фақат мураббий тактикаси ёки футболчиларнинг маҳоратини тушунишимиз нотўғрига ўхшайди, бу рўйхатга «руҳий ҳолат»ни ҳам қўшиб қўйсак ҳам мақсадга мувофиқ бўларди...» деб тугатмоқчи бўлганимда мақолани Испания ажойиб натижа қайд этди ва гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган жамоа ҳам ўзига билдирилган ишончни оқлай олишини исботлади. | |
|
Всего комментариев: 0 | |