12:29 Ҳиндистондаги ноқонуний болалар меҳнати | |
Ҳиндистонда 14 ёшдан кичик болаларни меҳнатга ёллашни тақиқловчи Болалар Меҳнати Актига ўзгартишлар киритилди. Янги қўшимчаларга кўра, 14 ёшдан кичик болаларни маҳаллий – уй, меҳмонхона, чойхона, дам олиш масканлари ва ҳар қандай хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида ишга ёллаш тақиқланди. Илгариги Актда бу бандлар кўрсатилмаган эди. Қонуннинг эски нусхасида боланинг соғлиғига хавфли бўлган фақат завод, кон каби жойларда ишлаш тақиқланган эди. Янги вариантда эса юқорида тилга олинган маҳаллий иш жойлари ҳам бола соғлиғи учун зарарли масканлар қаторига киритилди. Лекин мутахассислар мазкур қонуннинг амалда ўз
татбиқини топиши деярли имконсиз эканидан хавотирланишмоқда. Чунки
мамлакатда болалар ишчи кучи сифатида азалдан кенг қўлланилиб келади ва
уларни бундан қутқариш учун мамлакатда етарли ёрдам кўрсатиш дастурлари
ишлаб чиқилмаган. Мамлакат бўйлаб тарқалган миллионлаб ишчи болаларни
иш жойларидан қутқариб, уларни яшаш жойи, озиқ-овқат ва таълим билан
таъминлашга давлатнинг қурби етмайди. Аниқроғи, давлат бу масалага
етарли маблағ ва эътибор ажратмаган. Шуниси шак-шубҳасиз маълумки, Ҳиндистон, гарчи иқтисодий жиҳатдан дунёда тез ривожланаётган олдинги мамлакатлар қаторидан жой олса-да, ўзининг катта миқдордаги қашшоқ аҳолиси билан ҳам бошқа мамлакатлардан ажралиб туради. Ҳозирги кунда Ҳиндистонда қашшоқлар сони 400 миллиондан ошади. Бу аҳолининг 30 фоизини ташкил этади. Уларнинг 75 фоизи қишлоқ ҳудудларида яшайди. Ҳукумат камбағалликка қарши давомий дастурлар ишлаб чиқаётган бўлса ҳам, Ҳиндистон аҳолисининг катта қисми ҳануз камбағаллик даражаси остида. Иқтисодий режалаштириш 90-йилларгача ҳукуматда бош йўналиш бўлган ва қашшоқликни тугатиш борасидаги кенг жамоатчилик дастурлари 60-йиллардан бери ҳар йили давом эттирилади. Лекин бу дастурларнинг самараси жуда паст. Аввало, давлат бюджети миллионлаб қашшоқлар учун кенг шарт-шароитлар яратиб беришга қодир эмас. қолавеса, ажратилган маблағларнинг катта қисми лойиҳаларга тўла етиб бормайди. Бу борада Ҳиндистон собиқ Бош Вазири Ражив Ганди, жамоатчилик учун ажратилган ҳар 100 пайсанинг фақат 14 пайсасигина кўзланган манзилга етиб боряпти, деган эди. қашшоқликнинг асосий сабаби сифатида саводсизлик ва аҳоли сонининг юқори суръатларда ўсиши кўрсатилади. Ҳиндистон умумий аҳолисининг 40 фоиздан зиёди саводсиз ва бу саводсизларнинг деярли барчаси қашшоқ қатлам вакилларидир. ЮНЕСКО ўтказган тадқиқотга кўра, 1993-1994-йиллар Ҳиндистонда мактаб ёшига етган болаларнинг атиги 27 фоизи мактабларга ўқиш учун келган. Мактаблар сони йилдан йилга ошиб бораётган бўлса-да, мактабга келмаётган ёки иш учун мактабни эрта тарк этаётган болалар сони юқорилигича қолмоқда. Болалар Меҳнати ҳақидаги қонунга ўзгартишлар Ҳинд Тиббий Тадқиқотлар Консуллиги олиб борган текширувлар натижасига кўра қабул қилинди. Тадқиқотнинг кўрсатишича, болалар маҳаллий иш жойларида жисмоний тазйиқ, руҳий изтироб ва ҳатто жинсий зўравонлик қурбони бўлмоқдалар. Меҳнат Вазирлиги, янги қонуний ўзгартишларга кўра, 14 ёшдан кичик болаларни маҳаллий ишларга ёлловчи ҳар қандай кишини жарима ва бир йиллик қамоқ жазосига маҳкум этииш билан огоҳлантиради. Лекин муаммонинг бу билан ечим топишига кўпчилик
ишонмайди. Чунки гап фақат юз ёки мингта кўрсаткич ҳақида эмас, балки,
айрим агентликлар ҳисобига кўра, 120 миллион ишчи бола тақдири ҳақида
кетмоқда. Агар ҳукумат янги қонунга кўра бу болаларни иш жойларидан
қутқарса, уларнинг таъминоти учун нима қила олади? Чунки, бу
болаларнинг аксарияти оиласига моддий ёрдам бериш учун бошқа штатлардан
келган ночор ишчилардир. Ҳатто бу болаларнинг катта миқдорини
оиласининг ягона боқувчиси, дейиш мумкин. Уларни қутқарган билан масала
ҳал бўлмайди, балки уларнинг бошқа жойга иш излаб кетишларига эришиш
мумкин, холос. Зеро, улар кундалик емишини топиш учун ҳам ишлашга
мажбур. Жамоатчилик ҳам болалар меҳнатига одатий ҳол сифатида қарашга
ўрганган. Ишга ёлловчиларнинг 90 фоиздан зиёди 15 ёшдан кичик болаларни
ишга олишни афзал кўришади. Ҳатто, айрим тадқиқотларнинг кўрсатишича,
мамлакат Ялпи Миллий Маҳсулотининг 20 фоизи болалар меҳнати орқали
келади. Болаларнинг нима учун ишлашга мажбур бўлаётганининг
сабаблари жуда кўп. Булар орасида энг асосийси очлик ва камбағалликдир.
Ҳиндистон уй-жойсиз, ишсиз аҳолининг кўплиги билан машҳур. Кўп
оилаларда оила даромадининг учдан бири болалар меҳнатидан келади.
Ижтимоий таъминот дастурларининг йўқлиги ва болалар ишининг арзонлиги
ҳам асосий сабаблардан бири. Мамлакатдаги кучли каста тизими қуйи
табақаларни ҳануз қашшоқликда тутиб турувчи асосий омиллардан
ҳисобланади. Ишчи болаларнинг деярли ҳаммаси жамиятдан ажратилган қуйи
табақа вакилларидир. Ҳудудий жиҳатдан болаларнинг аксарияти Биҳар,
Уттар Прадеш, Жҳаркҳанд ҳамда Чаттисгарҳ каби анъанавий қолоқ
штатлардан келишади. Дарҳақиқат, муаммонинг асл илдизлари бартараф этилмас экан, унинг олдини олишга қаратилган ҳар қандай юзаки ҳаракатларнинг самарасиз бўлиши табиий. Бу нарса Ҳиндистондаги ишчи болалар масаласига ҳам тешишли. Демак, муаамонинг асосий сабаби мамлакатдаги қашшоқлик экан, ҳукумат асосий эътиборини шу муаммога қаратмоғи лозим. Ҳиндистондаги халқаро ва маҳаллий нотижорат-нодавлат ташкилотлари, муассасалар ўз фаолиятларида бу масалаларга ечим топишга асосий ўрин берганлар. Сайловолди дастурларида ҳам партиялар қашшоқликни бартараф этиш, умумжхалқ фаровонлиги мавзуларига кўпроқ эътибор қаратишади. Мутахассислар ва кузатувчилар фикрича, муаммоларнинг тез фурсатда барҳам топишига умид катта бўлмаса ҳам, Ҳиндистонда секин-асталик билан бу борада ижобий силжишлар кузатилмоқда. Келажак ёшлар қўлида экани ва порлоқ келажакни бундай қашшоқ ва илмсиз болалар билан қуриб бўлмаслигини Ҳиндистон ҳукумати яхши тушунади. Шунинг учун амалга оширилаётган ижтимоий дастурларда бу масалага алоҳида ўрин берилмоқда. Болалар Меҳнати Актига киритилган ўзгартиш ҳам мазкур уринишлардан бири. Беҳзод Муҳаммадий info.islom.uz | |
|
Всего комментариев: 0 | |